МАНЬЕРИЗМ

МАНЬЕРИЗМ (итал. manierismo, maniera — услуб, одат сўзидан) — 16а. Европа санъатидаги оқим. М. намояндалари Уйғониш даврининг оламни уйғунликда идрок этиш, инсонни табиатнинг мукаммал хилқати сифатидаги қарашларидан чекинди; унинг ўрнига мистик ғояларни илгари сурувчи, ташқи жиҳатдан ялтироқ, лекин қаётдан, унинг муаммоларидан узоқ бўлган санъатнинг тарқалишини таъминлади. Маньеризмда ҳаётни ўткир ҳис этиш билан бадиий образни рассомнинг қалбида туғилаётган субъектив «ички ғоя» асосида ифодалаш каби дастурли интилиш уйғунлашди. Маньеризм намояндалари Юқори Уйғониш даври санъаткорлари ижодидаги айрим унсурларни ана шу руҳда талқин этдилар, иррационал оламнинг беқарорлиги, инсон ҳаётининг ўткинчилигини ифодалашга интилдилар. Сўнгги сарой маданияти билан узвий боғлиқ бўлган Маньеризм санъати мо-ҳият эътибори билан сараланган тор доиралардаги билимдонларга мўлжалланди. М. Италияда ёрқин намоён бўдди, унга образларнинг жиддийлиги, оламни фожиали ҳис этиш, ҳаракатли қолатларни бўрттириш, шаклларнинг ўта нозик ва чўзилганлиги, колорит ва нурсоядаги кескинлик хос (Понтормо, Пармижанино, Жулио Романо ва б.). М. рассомлари асарларида одам қомати, нисбатларини бузиб тасвирладилар, анатомик аниқликка эътиборсизлик б-н қарадилар. Меъморликда ортиқча ҳашамдорлик сезилади, баъзи ҳолларда ортиқча рамз ва мажозлар ритмик композиция асосини ташкил қилади. 40-й. лардан Маньеризм итальян сарой санъатида ҳукмрон оқим бўлиб қолди, унинг бадиий ифода воситаси мураккаб, мажозлар билан тўла (Ж. Вазари, А. Бронзино, Ф. Цуккари ва б.). М. ҳайкалтарошлиги (Б. Амманати, Б. Челлини, Жам-болонья ва б.) ва меъморлиги (Амманати, Вазари ва б.)да, асосан, беқарор, динамик композицияларга (баъзан ҳаддан зиёд) мойиллик кўзга ташланади. Итальян санъаткорларининг Франция, Испания, Чехия ва б. да ижод килишлари, шунингдек, Маньеризм графика ва амалий безак санъатининг кенг тарқалиши Маньеризмнинг умумевропа ҳодисасига айланишига кўмак берди.

Маньеризм аслида Уйғониш даври санъатидан бароккота ўтиш даври жараёнларини ўзида ифодалаб, барокко услубининг ривожига йўл очди. Италияга бир томондан Болонья мактаби академи-стларининг кириб келиши, иккинчи томондан караважизмнинг таркалиши Маньеризмга барҳам бериб, барокко ва 17-а. Европа санъатидаги реалистик оқимларнинг ҳукмронлигини таъминлади.

Неъмат Абдуллаев.

Loading...