МАНЖУРЛАР

МАНЖУРЛАР, манчжурлар, (ўзларини манзу деб аташади) — халқ, умумий сони 10 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Асосий қисми ХХРнинг шим.-шарқий қисми Дунбэй (Манжурия) да яшайди. Тили — Олтой мўғул-тунгус тилига мансуб, 16-а. дан мўғул ёзувига эга. Диндорлари — буддизм, даосизм ва б. динларга эътиқод қилади. Ҳозирда Манжурлар орасида хитой тилида сўзлашиш кенг тарқалган, манжур тили айрим қишлоқларда, айниқса, Хэйлун-гжянг ўлкасида сақланиб қолган. Манжурлар ҳаётида ҳунармандчилик ва деҳқончилик (галла, соя, ер ёнғоқ, тамаки, сабзавот) билан шуғулланиш муҳим ўрин тутади. Манчжур (хитойчаманчжоу) этноними 1635 й. дан жорий этилган, унгача Манжурлар «нюйчжэнг» («Шарқ одамлари») деб аталган.

Манжурларнинг этногенези мил. 4-а. даги «мохэ-вужи» қабилалар иттифоқига бориб тақалади. Дастлаб ушбу иттифоқ таркибига Манжуриядаги Сунгхуажанг ва Хэйлунгжянг дарёлари бўйида овчилик ва деҳқончилик билан шуғулланувчи сумуо, буодуо, анчэгу, фунис, бэн-хай хаоши, хэйшуй, байшан каби 7 кабила кирган, кейинчалик уларнинг сони 16 тага кўпайган. 7—8-а. ларда хэйшуй ва мохэ кабилалари кучайиб Бо-хай давлатини тузганлар. 926 й. бу давлат кидонлар томонидан тугатилган, 10-а. охири —11-а. да Манжурлар ванъян қабиласи асосида яна бирлашганлар, уларни умумий ҳолда нюйжэнг деб аташган. 12-а. бошида Агуда бошчилигида нюйжэн-гларнинг Жин (Цзиньолтин) давлати ташкил этилган (1115—1234). Бу давлат емирилгач, нюйжэнглар тарқаб кетганлар. 1635 й. Нурхачи (Нурхаци) уларни қайта бирлаштириб, Жин давлатини тиклаган. Шундан сўнг нюйжэнглар ўзларини ман (тўла, тугал маъносини билдиради), яшаган жойларини эса Манчжоу (Манлар воҳаси) деб аташган. 1636 й. бу давлат номи Чин (рус адабиётида Цин — тиниқ, тоза маъносида)га ўзгартирилган. Манжурлар 17-а. ўрталарида Корея, Хитойни босиб олиб Цин империясини тузди. Сўнгра Мон-голияни, 18-а. да Тибет, Жунғория, Торим воҳасидаги давлатларни тугатиб, улар ҳудудини ҳам эгаллаб олгач, у ерларда мустамлакачилик режимини ўрнатишган.

Чин (Цин) империяси ағдарилгунга қадар (1911) Манжурларга кенг имтиёзлар берилган эди. Манжурларнинг кўпчилиги она тилини унутиб, хитой тили ва маданиятини ўзлаштирган ва хитой маданиятига ҳам таъсир кўрсатган. Уруғчилик қолдиқдари бир қадар сақланиб қолган.