МАНСАБДОР ШАХС УСТИДАН ШИКОЯТ

МАНСАБДОР ШАХС УСТИДАН ШИКОЯТ — фуқароларнинг ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаб олишни талаб қилиб юқори орган ёхуд мансабдор шахс ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи. Бундай ҳуқуқ ЎзР Конституциясида кафолатланган (44модда). Бу конституциявий норманинг ривожи сифатида «Фуқароларнинг ҳуқуклари ва эркинликларини бузадиган хаттиҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида» (1995 й. 30 авг.) ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» (2002 й. дек.) қонунлар қабул қилинган. Қонунга кўра, ЎзР фуқаролари давлат органларига, мансабдор шахсларга аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкин. Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЎзР давлат органларига қонунга мувофиқ мурожаат қиладилар. Тобелик тартибида юқори турувчи орган, мансабдор шахс шикоятни 1 ойлик муддатда кўриб чиқиши шарт. Агар фуқаронинг шикоятини қаноатлантириш рад қилинган ёки фуқаро 1 ой муддат мобайнида ўз шикоятига жавоб олмаган бўлса, у судга мурожаат қилишга ҳақли. Шикоятни фуқаро ёки унинг вакили, шунингдек, фуқаронинг илтимосига кўра, жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг ваколатли вакили бериши мумкин. Шикоят фуқаронинг хоҳишига қараб у яшайдиган жойдаги судга ёки давлат органи жойлашган ердаги ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи ҳудудидаги судга берилади. Ҳарбий хизматчилар ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг хаттиҳаракатлари устидан шикоят билан ҳарбий судга, шунингдек, юқори турувчи мансабдор шахсларга мурожаат қилишга ҳақли.

Мирзаюсуф Рустамбоев.

Loading...