МАНУФАКТУРА

МАНУФАКТУРА (лот. manus — қўл, factura — тайёрлаш) — меҳнат тақсимоти ва қўл ҳунари техникасига асосланган корхона. Саноат тараққиётининг оддий кооперациядан кейинги, 2-босқичи. М. Ғарбий Европа мамлакатларида 16-а. нинг ўрталарида вужудга келиб, 18-а. нинг охирги чорагигача давом этди. Англияда (16—18-а. лар) дастлаб тўқимачилик саноатида, қоғоз ва шиша и. ч. соҳаларида ривож топди. 17-а. нинг 2-ярмидан бошлаб 19-а. нинг 1-ярмига қадар Россияда мавжуд бўлган.

Ўзбекистонда 19-а. нинг 2-ярми ва 20-а. нинг бошида Мануфактура ф-канинг ёрдамчи бўлими сифатида ҳамма соҳада бор эди ва бу нарса катта аҳамиятга эга бўлган.

Ишчи ва меҳнат қуролларининг тор ихтисослашуви туфайли Мануфактура ижтимоий меҳнат унумдорлигини оширди. Лекин у ички ва ташқи бозорнинг товарларга бўлган талабини қондира олмас эди. Мануфактура тарихан ижобий характерга эга бўлди, ижтимоий меҳнат тақсимотининг кучайишига ёрдам берди, йирик машиналашган и. ч. га ўтишга замин яратди.