
МАҚСАД
МАҚСАД (фалсафада) — инсон амалий фаолиятининг аввалдан фикран ўйланган натижаси. Мақсад инсонларга хос бўлиб, уни келажакнинг лойиҳаси, деб таърифлаш мумкин. Эҳтиёж, манфаат, мотив индивид ёки ижтимоий гуруҳ хулқ-атвори, фаолиятининг муҳим таркибий қисмлари бўлса, Мақсад фаолият йўналишини белгиловчи эле-ментдир. Мақсаднинг шаклланишига субъектнинг эҳтиёж ва манфаатлари кучли таъсир ўтказади. Мақсаднинг реал ва нореал, қисқа муддатли ва узоқ муддатга мўлжалланган, асосий ва иккинчи даражали ва б. турлари бор. Реал Мақсадлар субъектнинг имкониятлари, атроф муҳитнинг ҳолати ва объектив қонуниятларни ҳисобга олса, нореал Мақсадлар фақатгина субъектнинг орзу-истакларини ифодалайди, атрофдаги вазиятни ҳисобга олмайди.