МАРАКАЙБО НЕФТЬ-ГАЗ ҲАВЗАСИ — Венесуэла шим.-ғарби ва Колумбия шим.-шарқида ҳамда Маракайбо кўли ва Венесуэла қўлтиғида жойлашган дунёда энг йирик ҳавзалардан бири. Майд. 90 минг км2 га яқин, шунинг 1/3 қисми сув ҳавзаларига тўғри келади. Нефтни саноат миқиёсида чиқариб олиш 1917 й. дан бошланган. Газ, асосан, нефть таркибида эриган ҳолда мавжуд. Нефтнинг дастлабки аниқланган захираси 7 млрд. т атрофида, газники 1,7 трлн. м3 бўлган. Очилган конлар орасида энг улкан гуруҳи соҳилденгиз ва кўл зонасига тўғри келади. Нефтли горизонтлар бутун кесма бўйича тарқалган. Нефть уюмлари, асосан, 1000 м чуқурликда миоцен ва эоцен ётқизиқлари орасида ётади, асосан, оғир ва ёпишқоқ. Бу ҳавзадан Венесуэлада олинаётган нефтнинг 3/4 қисми олинмоқда. Нефть қувурлар орқали бевосита қайта ишловчи з-длар ва ташқарига чиқариш учун портларга жўнатилади.