МАРҒИЛОН — Фарғона вилоятидаги шаҳар. Фарғона водийсининг жан. қисмида, Олой тоғлари этагида жойлашган. Фарғона ш. дан 10—12 км шим. да, 475 м баландликда. Яқин т. и. станцияси — Марғилон (4 км). Июлнинг ўртача т-раси 25—26°, янв. ники —3,5°. М. нинг жан. чеккасидан Жан. Фарғона канали ва шаҳар ичидан Марғилонсой оқиб ўтади. Аҳолиси 183,2 минг киши (2002; 1973 й. да 117 минг, 1939 й. да 46 минг, 1897 й. да 36 минг кишини ташкил этган), асосан, ўзбеклар (89,3%), шунингдек, рус, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Марғилондан 3—4 км жануброқда жойлашган Янги Марғилон (собиқ Горчакова) шаҳарчаси Марғилон шаҳар Кенгашига қарайди.
Марғилон тўғрисидаги дастлабки ёзма маълумотлар 10-а. га тааллуқли. Ўша даврларда шаҳар «Марғинон» деб аталган ва кейинчалик ҳар икки номи ҳам ишлатилиб келинган. Марғилон номининг келиб чиқиши ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Айрим топонимистлар «марғ» — «майсазор», «ўтзор»дан деб тахмин қиладилар. Марғилон «мурғ» ва «юнон» сўзларидан деган маҳаллий тўқима ривоят ҳам бор. Ибратнииг «Тарихи Фарғона» қўлёзма асарида ёзилишича, шаҳарга 883 й. да асос солинган. Археологик топилмалар Марғилон ўрнида мил. бошларидан аҳоли яшаб келаётганлигини, 10-а. да у катта қишлоқ бўлганлигини, 11 — 12-а. ларда эса шаҳарга айланганлиги тасдиқламоқда. В. В. Бартольд «Мўғуллар истилоси даврида Туркистон» асарида Қорахонийлар даврида ҳам Марғилон вилоятнинг бош шаҳри ҳисобланганлигини қайд этган. «Бобурнома»да М. Фарғонадаги 8 та шаҳардан бири эканлиги, шаҳарнинг ободлиги, ширин мевалари ҳақида сўз юритилиб, унинг «донаи калон» деб аталувчи анори ва «субҳоний» навли ўриги мақталади. Шаҳарнинг қад. қисмида ўтказилган археологик қазилмалар натижасида Марғилонга бундан 2 минг йил аввал асос солинганлиги аниқланди. Маҳаллий маълумотлар бўйича шаҳарнинг 12 дарвозаси бўлган. Буюк ипак йўлида жойлашган Марғилон аҳолиси қадимдан атлас тўқиш билан шуғулланиб келган ва шу тариқа уни жаҳонга машҳур қилган. Марғилоннинг шойи матолари Миср, Эрон ва Юнонистон, Қашғар савдогарлари томонидан кўплаб харид қилинган. Шунингдек, Марғилонда дўппидўзлик, мисгарлик ривожланган, шаҳарда вақт-вақти б-н танга ҳам зарб қилинган. Шаҳар турли даврларда Темурийлар, Шайбонийлар давлатлари, кейинги даврда Қўқон хонлиги таркибида бўлган. 1875 й. да рус қўшинлари томонидан босиб олинган. Марғилонда оқ подшо маъмурлари зулмига қарши қаратилган, тарихда маълум бўлган «Пўлатхон қўзғолони» (1873 — 76), маҳаллий аҳолини Россиядаги фронт орти ишларига зўрлаб олиб кетилишига қарши кўтарилган халқ қўзғолони (1916) бўлиб ўтган. Марғилон 1876—1926 й. ларда Фарғона вилоятининг уезд шаҳри бўлган, сўнгра Фарғона округи миқёсидаги шаҳарга айлантирилган.
1927 й. да Марғилонда биринчи пиллакашлик ф-касини қуришга киришилди. Бундан ташқари, иккита электр станцияси, босмахона, механика устахонаси, нон ва лимонад з-длари бор эди. Кейинроқ механизациялашган кўнчилик з-ди, тахта тилиш цехи, пойабзал ф-каси фойдаланишга топширилди. Шойи тўқиш артеллари йириклаштирилди, бир қанча янги ҳунармандчилик корхоналари ишга туширилди. 1963 й. да бадиий газламалар ишлаб чиқарувчи ҳунармандчилик артеллари негизида «Атлас» фирмаси вужудга келди (1976 й. дан «Атлас» и. ч. бирлашмаси). Шаҳарда 20 га яқин саноат, 8 автотранспорт корхоналари, 17 қурилиш ташкилоти бор (2002). «Туроншойи», А. Навоий номли ипак газламалар ва механика, «Фарғонасут», ёғочсозлик корхоналари мавжуд. «Дўстлик — Марғилон» қўшма корхонаси, 600 дан ортиқ кичик ва хусусий корхона, марказий деҳқон бозори, «Марғилон» меҳмонхонаси, автобуслар шоҳбекати, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Марғилонда ҳунармандчилик (айниқса, дўппидўзлик, тандирчилик, мисгарлик) ривожланган. 34 умумий таълим мактаби, «Истиқбол» гимназияси, миллий хунармандчилик ва аниқ фанлар лицейлари мавжуд бўлиб, уларда 200 ўқувчи таълим олади. 2 мусиқа, 2 касб-ҳунар мактаби, қурилиш, тижорат, ҳисоб-кредит, тиббиёт ва педагогика коллежлари, махсус мактаб, меҳрибонлик уйи, «Шойи» компаниясининг ипакчилик ин-ти фаолият кўрсатмоқда.
12 жамоат ва болалар кутубхонаси (168 минг китоб), 6 маданият уйи (жумладан, марказий маданият уйи), Й. Охунбобоев мемориал музейи, маданият ва санъат музейи, «Нурхон» халқ театри, маданият ва истироҳат боғи бор. «Ал Ҳидоя» хотира мажмуи мавжуд. Шаҳар телевидениеси ва радиоэшиттиришлари қўмитаси ишлаб турибди.
Марғилон водийдаги йирик шаҳарлар билан автомобиль йўллари орқали боғланган. «Марғилон ҳақиқати», «Турон шойиси» газ. лари чиқарилмоқда. Шаҳарда 1037 ўринга мўлжалланган касалхоналар, 2 тиббиёт санитария қисми, Саломатлик маркази, тез тиббий ёрдам маркази ва б. тиббий муассасаларда 422 врач, 1599 ўрта тиббий ходим хизмат қилади. «Атласчи» ва «Турон» стадионлари, 33 спорт зали, кўплаб волейбол, баскетбол ва футбол майдонлари, 3 болалар ва ёшлар спорт мактаби бор. 56 та жисмоний тарбия жамоасида 43 минг нафардан зиёд ёшлар шуғулланмоқда. Меъморий ёдгорликлардан Пир Сиддиқ мажмуи («Каптарлик», 18-а. ўрталари), Хўжа Мағиз мақбараси (18-а. нинг биринчи ярми), Чокар, Торонбозор масжидлари (20-а. бошлари), Саидаҳмад Хожа Эшон мадрасаси (19-а. охири) ва б. сақланиб қолган. Марғилонда буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний яшаб ўтган, шоира Увайсий (Жаҳон Отин) туғилган ва б. бир қанча машҳур кишилар ижод қилганлар.