МАЪРИФАТЧИЛИК

МАЪРИФАТЧИЛИКмаданият ва маънавият соҳасидаги оқим. Унинг негизини фан, билим имкониятларига катта ишонч ташкил қилади. Маъри-фатчилар билимлар ёрдамида ижтимоий ҳаётдаги номутаносибликлар ва камчиликларни бартараф қилиш мумкинлигига ишонганлар. Шу нуқтаи назардан Маърифатчиликни мафкуравий, ижтимоий-фалсафий оқим дейиш мумкин. Илм-фанни эгаллаш ва тарғиб қилиш қад. замонларда бошланган бўлсада, Маърифатчилик оқим сифатида Ғарбда 17-а. охири — 18-а. бошларида, Шарқда эса 19-а. нинг охири — 20-а. бошларида майдонга келди.

Юнонистонда Демокрит, Сократ, Платон, Аристотель сингари файласуфлар, Қад. Хитойда Конфуций, Ўрта Осиёда Кайковус, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар фаннинг улкан аҳамиятини эътироф этиб, кенг тарғиб қилганлар. Уларнинг ғоялари том маънодаги Маърифатчилик ғоялари эди. М. Ғарбда ҳам, Шарқца ҳам бир неча умумий хусусиятга эга бўлиб, диний ақидапара-стликка қарши қаратилган ва турлича давом этган. Ғарб маърифатчилигининг Вольтер, Монтескье, Кондильяк, Ла-метри, Гольбах, Дидро, Гельвеции, Мабли, Морелли, Кондорсе ва б. вакиллари диний ақидапарастликни танқид қилиш билан чекланмай, умуман динга қарши кураш олиб бордилар. Ғарб маърифатчилиги даҳрийлик хусусиятини касб этди, бу унинг асосий белгиларидан бирига айланди.

Шарқ маърифатчилиги умуман динга қарши эмас, балки диний ақидапарастликка қарши бўлди. Шарқдаги Маърифатчиликнинг йирик намояндалари Исмоил-бек Гаспринский, Закий Валидий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Мунав-варқори, Абдулла Авлоний кабилар диний ақидапарастликка қарши кескин кураш олиб бордилар, лекин бу кураш даҳрийлик мавқеидан эмас, мўътадил диндорлик мавқеидан олиб борилди. Уларнинг купи диндор, баъзилари эса (М. Беҳбудий) диний уламо бўлган. Ғарб маърифатчилиги заминдорлар ва монархияга қарши кураш байроғи остида ўтди. 1789 й. Буюк француз инқилобиш келтириб чиқарган сабаблар орасида Маърифатчилик муҳим ўрин тутади. Шарқ, хусусан, Ўрта Осиё маърифатчилари кескин сиёсий талабларни олға суришмади. Улар жамиятни саводли қилиш орқали адолатли ва фаровон турмушга эришмоқчи бўлдилар. Ғарбда маърифатчилар кўпроқ табиий фанларга мурожаат қилишди. Чунки юқорида номлари зикр этилган ғарблик маърифатчиларнинг деярли барчаси айни пайтда табиатшунос олим бўлиб, уларнинг кўпчилиги табиатшунослик ривожига ўз ҳиссасини қўшган. Шаркда фақат табиий фанларга эмас, умуман илм-фанга, соғлом фикрга, мантиққа мурожаат қилишди. Улар халқни рўшноликка чиқаришнинг асосий йўли — уни саводли қилиш, ортиқча сарфхаражатлар талаб қиладиган маросимларга қарши курашда деб билишди. Шу б-н бирга, улар диний ақидапарастликка қарши курашда фақат дунёвий фанлардан эмас, Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадисларидан ҳам фойдаланишди, зеро уларнинг кўпчилиги му-айян диний билимларни ҳам эгаллаган эди.

Ғарб маърифатчилари черков томонидан таъқиб ва тазйиқ остига олинди. Лекин 17-а. охири — 18-а. бошларида Европада демократик муассасалар таркиб топа бошлагани, сўз эркинлиги ва виждон эркинлиги тамойиллари амал қила бошлагани учун черков уларга сезиларли зарба бера олмади. Ўрта Осиёда эса 19-а. сўнгги чорагида ривожлана бошлаган Маърифатчилик ҳаракати вакиллари кўплаб қурбон бердилар. 20-а. бошида жадидлар ҳаракати (қ. Жадидчилик) иккига бўлиниб, ақидапарастлар кучайиб кета бошлагач, маърифатчилар кўп талофат кура бошладилар. Уларнинг кўп қисми таъқиб ва сазойи қилинди. 1918—19 й. ларда ақидапараст уламоларнинг фатвоси б-н минглаб маърифатчилар ва уларга хайрихоҳ кишилар жисмонан йўқотилди. Шўролар даври тарих ва фалсафа фанида маърифатчиларга идеализм вакиллари, деб баҳо берилган. Чунки маърифатчилар жамиятни ривожлантиришга инқилобий тўнтаришлар билан эмас, яхшиликни, адолатни, билимларни тарғиб қилиш йўли б-н эришмоқчи бўлган эдилар. Шўролар давлати сиёсий амалиётида эса уларга халқ душманлари ёрлиғи ёпиштирилди, улар жазоланди ёки қатл этидци.

Ўзбекистонда мустақиллик қўлга киритилгач, маърифатчиларга истиқлолнинг маънавийназарий асосчилари деб баҳо бериш устуворлик қила бошлади. Аслида рус мустамлакачилиги даврида маърифатчилар орасида Россия билан бирга ривожланишни тарғиб қилувчилар оз эмасди. Қандай бўлмасин, маърифатчилар халқимизнинг маданий, маънавий ривожланиш тарихида катта ўрин тутади.

Ад:. Ойина (1914-1915 й.), Т., 2001; Шарафуддинов О., Истикдол фидокорлари: Мустафо Чўқай, Чўлпон, Отажон Ҳошим, Т., 1993; Каримов Н., Миллий озодлик курашчилари ва адабиёт, Т., 1997; Жадидлик ва миллий истиқлол тантанаси (Илмий мақолалар тўплами), Т., 2002.

Абдуллажон Бегматов.

Loading...