МАРЖИНАЛИЗМ (франц. marginal – чегаравий, энг сўнгги) — иқтисодий қонунлар ва категорияларни тадқиқ қилиш учун чегаравий катталиклар таҳлилидан фойдаланишга асосланган методологик тамойиллардан бири. Дастлаб 19-а. нинг ўрталарида А. Курно (Франция), Н. Тюнен ва Г. Госсен (Германия) биринчи бўлиб, маржинал таҳлилни иқтисодий назарияга киритишга ҳаракат қилдилар. 19-а. нинг охирги чорагида инглиз У. Жеванс, австриялик К. Менгер, швейцарияликЛ. Вальрас Маржинализмнинг назарий асосларини яратдилар. 19-а. нинг 90-й. ларидан Маржинализм субъектив-психологик йўналишдан иқтисодий ҳаётнинг доимий боришини мавжуд шарт-шароитлар асосида тушунтириб беришга ўтди. Натижада янгича иқтисодий ғоялар намояндалари классик иқтисодий мактабнинг давомчилари сифатида баҳоланиб, уларга неоклассиклар деб ном берилди.
Маржинализм меъёрий унумдорлик, меъёрий нафлилик, меъёрий харажатлар каби кўрсаткичлардан фойдаланадилар, меъёрий нафлилик, меъёрий унумдорлик, меъёрий даромадларнинг камайиб бориши крнунларига, талаб ва таклиф қонунига асосланадилар, иқтисодийматематик усулларни кенг қўллайдилар.
Маржинализм иқтисодиётни индивидуал хўжаликларнинг ўзаро таъсири сифатида қарайди, хўжалик юритувчи субъектнинг и. ч. жараёнидаги ва бозордаги иқтисодий ҳолатини тахлил қилишга асосланади. Бу ҳолат Маржинализмга микдорий усуллардан кенг фойдаланишга, хусусан, тадқиқ этилаётган омилларнинг функционал боғланишларини тахлил этишга имкон беради.
СССР даврида Маржинализм марксча сиёсий иқтисод вакиллари томонидан танқид остига олинди. Фақат маъмурийбуйруқбозлик (режали) иқтисодиётидан бозор иқтисодиётига ўтилиши туфайли Маржинализмнинг асосий ғоялари тан олина бошланди.
Абдухалил Раззоқов.