МАРЖОН ДЕНГИЗИ

МАРЖОН ДЕНГИЗИ — Тинч океандаги ярим ёпиқ денгиз. Австралиянинг шим.-шарқий қирғоғи, Янги Гвинея, Янги Каледония о. лари оралиғида, шим.ғарбда Торрес бўғози орқали Ҳинд океани билан туташган. Майд. 4068 минг км2. Ўртача чуқ. 2394 м, энг чуқур жойи 9174 м. Денгизда маржон рифлари (жумладан, Катта Тўсиқ рифи) ва орол кўп. Кема юриши жуда хавфли. Тубининг рельефи нотекис, ўрқирли. Айланма оқимлар бор. Ғарбий чеккасидан Шарқий Австралия оқими бошланади. Сувининг юза қисмида т-ра жанубда авг. да 19° дан фев. да 24°гача, шим. да йил давомида 28° атрофида. Шўрлиги 35,5°/0О. Сув қалқиши нотекис. Акула, учар балиқлар бор. Асосий портлари: Кэрнс (Австралия), Порт-Морсби (Янги Гвинея о.), Нумеа (Янги Каледония о.).