МАРКАЗИТ

МАРКАЗИТ (форс, маргашише — колчедан) , нурсимон колчедан — сульфидлар синфига мансуб минерал. Кимёвий таркиби FeS2. Қўшимчалар тарзида, кўпинча, Ni, As, Sb, Ti, Co ва б. мавжуд. Металддек ялтироқ. Ранги жезсимонсариқ, юзаси кулранг-яшил товланади. Ромбик системада кристалланади, кристаллари тахтачасимон, устунсимон, қўшалоқ, найзасимон, баъзан тароқсимон. Кўпинча, мураккаб агрегатлар — бириккан ҳолда, куртаксимон ва оқиқ ҳосилалар кўринишида, айниқса, пирит билан кўпроқ учрайди. Қаттиқлиги 6,0—6,5, зичлиги 4,9 г/ см3. Мўрт. Алоҳида кон ҳосил қилмайди. Пиритдан кристалл шакллари билан фарқ қилади. Гидротермал конларда пирит, пирротин ва б. сульфидлар билан бирга ҳосил бўлади. Марказит чўкинди жинсларда, асосан, кўмирли, айниқса, қўнғир кўмирли қумтош гиллар орасида конкреция ва ноаниқ шаклли доналар ҳосил қилади. Ўзбекистонда кўпроқ Ангрен кумир конида, камроқ олтин конлари (Мурунтов ва б.), графит (Тошқазиган), скарнлишеелитли (Ингичка, Лангар, Қўйтош ва б.), полиметалли, колчеданли (Учқулоч, Хондиза ва б.) конларда тарқалган. Сульфат кислота олишда ишлатилади. Кўмир ва ўтга чидамли гилларда зарарли қўшимча ҳисобланади.