МАРКАЗИЙ АМЕРИКА

МАРКАЗИЙ АМЕРИКА — Шим. Американинг жан. қисми. Мексика тоғлигининг жан. этагидаги Бальсас ботиғидан Дарьен бўйнигача давом этган (баъзан Марказий Американинг чегарасини Теуантепек ва Панама бўйинлари орқали ўтказадилар). Уз. 2400 км. Эни Панама бўйнида 48 км. Юкатан я. о. да 960 км. Ғарбдан Тинч океан, шим. ва шаркдан Мексика қўлтиғи ва Кариб денгизи билан ўралган. Марказий Америка ҳудудида Мексиканингжан.-шарқий қисми, Гватемала, Сальвадор, Гондурас, Никарагуа, Костарика, Панама, Белиз давлатлари жойлашган. Умумий майд. 770 минг км2. Аҳолиси тахм. 45 млн. киши (2001).

Тинч океан соҳили камбар пастгекислик бўлиб, қирғоқ чизиғи шим. да тўғри, жан. да қўлтиклар билан парчаланган, ярим орол ва ороллар бор. Мексика қўлтиғи соҳилининг аксари қисми текис. Кариб денгизи томонида Гондурас қўлтиғи бор. Қирғоқ бўйлаб майда ороллар жойлашган, уларнинг кўплари маржон ороллардир.

Марказий Американинг катта қисмини Кордильера тоғлари системасига кирувчи ўртача баландликдаги тоғлар эгаллаган. Шим. қисмида Таваско, Юкатан, Москития каби йирик пасттекисликлар бор. Таваско билан Москития аккумулятив текисликлар, Юкатан эса неоген оҳактошларидан тузилган платформадир. Кордильера тоғлари геосинклиналь минтақаси мураккаб тараққиёт жараёнини ўтган, ички тузилиши ва рельефи хилма-хил. Кайнозойда ер юзаси анча кўтарилиб, ёриқлар ҳосил бўлган, вулканлар отилиб турган. Ҳозир ҳам тез-тез зилзилалар бўлиб туради.

Марказий Америкада Кордильера тоғлари учта ёйсимон тизмадан иборат. Шулардан энг ёши Вулканли ёки Тинч океан бўйи тоғлари бўлиб, Мексика чегарасидаги Такана (бал. 4117 м) ва Тахумулько (4217 м — М. А. нинг энг баланд нуқтаси) вулканларидан бошланган ва Тинч океан соҳили бўйлаб, Никарагуа ботиғи орқали Панаманинг ғарбий қисмигача давом этган. Бу тизмада ўнлаб сўнмаган вулканлар бор. Қад. тоғ жинслари орасидан олтин ва кумуш, қўрғошин, сурма, нефть, олтингугурт ва б. фойдали қазилма конлари топилган.

Марказий Америка шим. тропик (Никарагуа ботиғигача) ва шим. субэкваториал иқлим минтақаларида жойлашган (7— 22° ш. к. лар). Йил давомида ўртача ойлик т-ра фарқи кам. Энг салқин ойининг ўртача т-раси 21—26°, энг иссиқ ойиники 27—28°. Йиллик ёғин тоғларнинг Атлантика океанига қараган ён бағрида 7000 мм гача, соҳилда 1500—4000 мм, Тинч океанга қараган ён бағирларида 1000— 1700 мм, ички сойликларда ва Юкатан я. о. нинг шим.-ғарбида 500 мм дан кам.

Дарёлари қисқа, тезоқар ва гидроэнергияга бой. Атлантика океанига оқувчи дарёлар йил бўйи серсув, Тинч океанга окувчи дарёлар эса факат езда тўлиб оқади. Тектоник сойликларда кул кўп; шулардан энг йириклари: Никарагуа ва Манагуа.

Марказий Американинг тупроқ ва ўсимлик минтақалари иқлим минтақаларига мувофиқ жойлашган. Шим.-шарқий қисмидаги пасттекисликларда ва тоғ ён бағирларининг 800 м баландликкача бўлган қисмидаги подзоллашган латерит тупрокларда пальма, рангли ёғоч олинадиган дарахтлар, лиана ва эпифитли тропик ўрмонлар бор. Бу ердаги плантацияларда тропик экинлар (банан ва б.) етиштирилади. 1700 м гача, асосан, дарахтсимон папоротниклар, 3200 м гача дуб, магнолия ва игна баргли дарахтлар усади. Ундан юқориси альп ўтлоклари. Тоғларнинг Тинч океанга қараган ён багирларида қарағай ўрмонлари бор. Ясситоғликлар эса яйлов ва экинзор. Юқорироқда, кизил тупрокли ерларда дуб ёки игна баргли дарахтлар ўсади. Қуйи минтақаларда тамаки, пахта экилади. 600 — 900 м баландликлар орасида кофе ўстирилади. Никарагуа сойлигидан шим. да кўпроқ Шим. Америкага хос ўсимликлар, ундан жан. да Жанубий Америкага хос ўсимликлар ўсади.

Ҳайвонот дунёси жиҳатидан М. А. Неотропик областининг Марказий Америка кичик областига киритилган. Жан. Америкага хос ҳайвонлардан кенг бурунли маймунлар, ягуар, зирхлилар, игуан калтакесак ва б. яшайди. Шим. Америка ҳайвонларидан силовсин, енот, ҳар хил кемирувчилар, қушлар учрайди. Тапир, кемирувчилар, кўршапалак ва қушларнинг баъзи турлари эндемикдир.

Ад.: Рябчиков А. М., Физическая география материков и океанов. Марказий америка, 1988.

Loading...