МАРКАЗИЙ ОСИЁ

МАРКАЗИЙ ОСИЁОсиё материгининг ички қисмидаги табиий область. Майд. 6 млн. км2. Шим. ва ғарбий чеккаси Монголия, ХХР билан РФ ўртасидаги давлат чегарасигача бўлиб, шарқи Катта Хинган, жан. эса Тибет ҳудўдидаги Цангпо (Браҳмапутра) дарёси ва Ҳинд дарёсининг юқори қисми билан ўралган. Марказий Осиё денгиз сатҳидан анча баланд жойлашган. Рельефи кенглик бўйлаб чўзилган тоғ тизмалари (Монголия Олтойи, Хангай, Хэнтэй, Тянь-шан, Наньшан, Куньлун) ва кенг ҳамда анча чуқур ботиклар (Жунгория, Ғарбий Монголиядаги Катта Кўллар сойлиги, Тарим, Цайдам)дан иборат. Айрим жойларида мутлақ баландлик денгиз сатҳидан паст (мас, Турфон ботиғи — 154 м). Қум ва шағалли баланд текисликлар, кичик тоғ кўп. Иқлими ҳамма ерда кескин континентал, чўл иқлими; ёғин кам, йилига ўртача 100—200 мм, марказий қисмларида 10—30 мм, чеккаларида 300 — 400 мм, жан.-шарқида, Тибет тоғларининг четларида 1000 мм ва ундан ҳам кўпроқ. Қишда антициклон таъсирида қаттиқ совуқ бўлади, янв. нинг ўртача т-раси —10°, —25°, энг паст т-ра —50°, —52°. Тяньшан, Наньшан, Қорақурум тоғларида музликлар бор. Селенга, Иртиш, Хуанхэ, Янцзи, Браҳмапутра, Ҳинд, Меконг, Тарим, Хайдикгол, Кобдо, Тэс, Манас, Урунгу, Эдзин-гол дарёлари тоғлардан бошланади. Чучук сувли энг катта Хубсугул оқар кўлининг майд. 2620 км2, энг чуқур жойи — 238 м. М. О. да Гоби, Такла-. Макон, Алашань ва б. чўллар катта майдонни эгаллаган. Чўл ва чала чўллар баланд тоғларгача кўтарилиб боради. Баландлик минтақалари Наньшаннинг шарқий қисмида, шарқий Тяньшаннинг шим. ён бағирларида ва Монголия Олтойинингжан.-ғарбий ён бағирларида учрайди. Хангай, Хэнтэй тоғлари ва Тибет тоғлигининг жан.-шарқий четларида анчагина ўрмонлар бор.