МАРКИЗ ОРОЛЛАРИ

МАРКИЗ ОРОЛЛАРИ — Тинч океаннинг марказий қисмидаги вулкан ороллари гуруҳи, Полинезияца. Франция мулки. Майд. 1049 км2. Энг йирик ороллари: Нукухива ва Хива-Оа. Замини базальт ва туфлардан ташкил топган. Энг баланд жойи 1259 м. Қирғоклари қояли, тик. Иклими тропик, пассатли иқлим. Ўртача ойлик т-ра 22° дан паст бўлмайди. Йилига 1000 мм гача, шамолга рўпара ён бағирларда эса 2500 мм гача ёғин ёғади. Ороллар сернам тропик ўрмонлар ва бутазорли саванналар билан қопланган. Кокос пальмаси, пахта, банан, кофе плантациялари бор. Балиқ, марварид ва денгиз тошбақаси овланади. Туризм ривожланган. Маркиз оролларини 1595 й. да испан денгизчи сайёҳи А. Менданьяде-Нейра тадқиқ этган ва Перу вицеқироли маркиз Мендоса шарафига шундай атаган. Маъмурий маркази — Таиохаэ.