
МАРМАР
МАРМАР (лот. marmor, юн. marmaros — ялтироқ тош сўзидан) — кристалли тоғ жинси. Оҳактош ёки доломитнинг тўла қайта кристалланишидан ҳосил бўлган. Минерал доначаларининг ўлчамига қараб (0,05 — 2,25 мм) майда, ўртача ва йирик доначали Мармарлар фарқ қилинади. Майда доначали Мармар сифатли ҳисобланади, чунки унда ғовак ва дарзлик кам. М. нингтаркиби, асосан, кальцит (СаСО3)дан иборат, озроқ MgO, ҒеО, Ғе2О3. МпО, А1О2 ва А12°з бЎлади. Таркибида MgO кўп бўлган тури доломитли Мармар деб аталади. Мармарга бошқа минераллар (кварц, халцедон, лимонит, хлорит, гематит, пирит ва б.), шунингдек, органик бирикмаларнинг куп қўшилганлиги унинг хоссаларини (мустаҳкамлиги, ранги, зичлиги ва ҳ. к.) кенг диапазонда ўзгаришига сабаб бўлади. Мармарга кварц қўшилган бўлса унинг мустаҳкамлиги ортади, бинобарин ишлов бериш ҳам қийинлашади. Қўшимчалар Мармарнинг сифатини ё оширади ёки камайтиради. Структураси бир хил бўлган Мармарлар совуққа чидамли бўлади. Қурилиш амалиётида Мармар деб сайқал бериш мумкин бўлган ўртача қаттиқликдаги метаморфик жинсга айтилади; булар — мармар, мармарлашган оҳактош, зич доломит, офикальцит, карбонатли брекчия ва кар-бонатли конгломератлар. Мармарнинг ранги (қизил, пушти, сарғиш, қўнғир, яшил, жигарранг, қора, кулранг, оқ) турли хил кимёвий ва механик аралашмаларга боғлиқ. Мармарнинг физик хоссалари: зичлиги 1900—2800 кг/м3, сиқишга мустаҳкамлик чегараси 10,0 — 25,0 МПа, синишга чидамлилик чегараси 10—30 МПа, сув шимувчанлиги 0,15— 0,50%, ғоваклиги 1%гача. Қаттиқлиги 3—4. М. нинг бир текис оқ ёки қора ранглиси жуда қадимдан хайкалтарошлиқда ишлатилиб келинади. Ўзбекистоннинг қад. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва б. шаҳарларидаги меъморий обидаларида Мармарнинг катта харсанг тошларидан тортиб, то майда Мармар оникси пластинкаларигача ишлатилган. Тошкент ш. даги кўпгина театр, маъ-мурий бинолар ва метрополитен ст-яларида Ўзбекистон М. ишлатилган. Мармар карьерларда, кам ҳолларда ер остидан қазиб олинади. Яхлит катта бўлаклар тош қирқувчи машиналар, махсус арралар ёрдамида қирқиб олинади. Мармар конлари Ўзбекистон (Ғозғон, Кўкпатос, Омонқўтон, Оғалиқ ва б.), Козоғистон, РФ (Карелия, Урал, Сибирь), Арманистон, Италия, Греция, Куба, Франция, Норвегия, АҚШ ва б. мамлакатларда мавжуд.
Ўзбекистонда саноат аҳамиятига эга бўлган Мармар конлари: Ғозғон (йилига 12 минг м3), Нурота (0,8 минг м3), Зарбанд (7 минг м3), Томчиота (1,4 минг м3), Кўчат (2 минг м3), Макрид (0,4 минг м3), Қахралисой (Қорақалпоғистонда) (1 минг м3) ва б. М. нинг саноат захиралари 50 млн. м3дан зиёд (2000). Мармар қазиб олувчи ва ишлов берувчи йирик корхоналар: «Ўзсаноатқурилишматериаллари» АЖ, «Қизилқумнодирметаллолтин» ва «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компаниялари.