МАРСИЯ (марсийа) — 1) Яқин ва Ўрта Шарқ поэзиясида адабий жанрлардан бири;
2) бирор машҳур киши ёки кекса оила аъзоси вафоти муносабати б-н ғам-алам ва ҳасратни ифодалайдиган халқ оғзаки поэтик ва мусиқа ижодиётининг азамотам жанри. Марсия қўшиқ ёки ашула тури сифатида дафн маросимида ҳаётдан кўз юмган кишининг яхши хислатлари, иш фаолиятлари, қариндошлик алоқалари эсга олиниб эркаклар томонидан жўрсиз речитатив ёки куйчан, оғир, мунгли оҳангларда айтилади. Марсияда халқ сўзлари, ғазал, рубоий, мухаммас ва б. асосида шахс бошига тушган кулфат, якин кишидан жудо бўлиш қисмати акс этади. Айрим худудларда, баъзан эса оилаларда Марсияни аёллар ҳам алоҳида таъсирчан ва маҳорат билан айтган. «Садр»ёки «Жахр» маросимларида Марсия («айтиб йиғлаш» маъносида) лар якин қариндошлари даврасида ҳофиз ёки хонанда томонидан ижро этилган (айрим хрлатларда чолғу жўрнавозлигида). Ёзма манбаларда Марсия ҳақида маълумотлар ва намуналар берилган: Наршахийнинг «Бухоро тарихи» китобида Сиёвушга бағишланган Марсия, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Алп Эртунга Марсияси, адабиётда Алишер Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомийга бағишланган Марсияси, Ҳамзанинг биринчи ўзбек актрисаси Турсунойга бағишлаб ёзган Марсияси, халқ орасида Мулла Тўйчи Ҳофизга бағишланган Марсия ва б. 20-а. ўзбек адабиёти ва мусиқасида Марсиялар ижод этилган: Расул кори Мамадалиев томонидан бир неча Марсиялар яратилган; М. Бурҳоновнинг «Эпитафия» асари Марсия шаклида ёзилган. Рустам Абдуллаев.