МАРСО Марсель (1923.22.3, Страсбург, Франция) — пантомима санъати ривожига катта ҳисса қўшган француз мим актёри. 1940-й. ларда Сара Бернар театри қошидаги драматик студи-яда актёрлик маҳоратидан таълим олган, кейинроқ Ш. Дюллен ва Э. Декру каби саҳна усталаридан пантомима сирларини ўрганган. 1947 й. Парижда «Мимлар ҳамдўстлиги» труппасини ташкил этиб, 1960 й. гача унга раҳбарлик қилган. Ўрта асрлардаги «Комедия дель арте» театри қаҳрамони Пьеро ва Чарли Чаплин таъсирида яратилган Бип образи орқали бир қанча пантомимик спектакллар («Бип-спорт қироли», «Бип — скрипкачи», «Бип — ҳайвон ургатувчи», «Париж йиғламоқда», «Париж кулмоқда», «Ярмарка», «Рассом» ва б.) яратди. «Ўспиринлик, етуклик, қарилик, ўлим» номли миниатюраси б-н машҳурлиги янада ошди. Марсо ижоди мим санъати анъаналарини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, чуқур инсоний ҳақиқат билан суғорилганлиги, фикр ўткирлиги, ёрқин образлар умумлашмаси билан ажралиб туради. 1978 й. Парижда пантомима мактабини ташкил этди ва ҳозиргача унга раҳбарлик қилиб келмоқда. Пантомима тарихи ва назариясига оид китоблар муаллифи.