МАСАЛ

МАСАЛ (араб. — намуна, мисол) — дидактик адабиёт жанри. Таълимий характердаги, аксарият кичик шеърий, баъзан насрий шаклдаги асар. М. да инсонга хос хусусиятлар, жамиятга хос ижтимоий ҳодисалар, муносабатлар қушлар, ҳайвонлар орасидаги муносабатлар ва табиат ҳодисалари воситасида акс эттирилади. Мазмуни мажоз асосига қурилади, комикликнинг ва ки-ноянинг, ижтимоий танқид мотивининг устунлиги Масалга ҳажвий руҳ бағишлайди. Масалнинг ҳикоя қисми ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар, новелла ёки латифаларта яқин бўлиб, хотимаси, таълимий хулосаси мақол, ҳикматли сўз ва иборалар тарзида бўлади. Масал материаллари аксарият эртак, мажоз, новелла, латифа ва б. да ҳам қўлланиши мумкин. Рамзли ҳикоядан фарқли равишда Масалнинг ўз анъанавий образлар ва мотивлар доираси мавжуд бўлади (ҳайвонлар, ўсимликлар, қушлар, муайян тизимдаги одамлар ва ҳ. к.). М. жанри унсурлари жуда қадимдан маълум. Унинг намуналари «Калила ва Димна» (Панчатантра, 3-а.) таркибида учрайди. Масаллар Фаридиддин Аттор, Румий, Навоий асарларида тамсил учун ишлатилган. Гулханий «Зарбулмасал» асарида Масалдан моҳирлик билан фойдаланган. Қад. юнон адабиётида Эзоп (мил. 6—5-а. лар), Рим адабиётида Федр (мил. ав. 1-а.), француз адабиётида Лафонтен (17-а.), рус адабиётида Крилов бу жанрнинг етук намояндалари сифатида шуҳрат қозонганлар. Рус адабиётида Д. Бедний, С. Маршак, С. Михалқов Масалнинг ажойиб намуналарини яратдидар. Замонавий ўзбек адабиётида С. Абдуқаҳҳор, О. Қўчқорбеков, Я. Қурбонов ва б. М. жанрини ривожлантирдилар.

Prev Article

МАРҒУЛА

Next Article

МАСАЛА