МАШИНА ЗАЛИ

МАШИНА ЗАЛИ (электр станцияда) — ст-я биносининг электр энергия ишлаб чиқарадиган агрегатлар (электр генераторлар, турбиналар ва дизеллар ҳамда ёрдамчи жиҳозлар) жойлаштириладиган қисми. Иссиклик электр ст-ялари, атом электр ст-ялари, гидроэлектр ст-ялари (ГЭС), газ-турбинали, дизель ва геотермаль электр ст-яларида, уларга ўрнатилган жиҳозларнинг турлари ва жойлаштирилиши бўйича Машина зали бир-биридан фарқ қилади. Турбина агрегатларининг жойлашиши бўйича Машина зали кўндаланг ва бўйлама хилларга бўлинади. Машина залида турбина ва генераторлар темир-бетон ёки металл пойдеворларга ўрнатилади. Пойдеворнинг баландлиги ўрнатиладиган жиҳозларнинг қуввати ва тузилишига боғлиқ бўлади. Пойдеворнинг юқори қисмида турбина агрегатлари, пастки қисмида конденсаторлар жойлашади. Иссиклик электр стяларининг Машина залида турбина агрегатлари, бут турбиналари, конденсаторлар, регенерациялаш тизими, насослар, электр стянинг ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган жиҳозлар жойлашади. АЭС даги Машина залида оралиқ сепараторлар ва буғни ўта қиздиргичлар ҳам бўлади. Газ турбинали ва дизель электр ст-яларида Машина зали бош корпуснинг асосий қисми ҳисобланиб, унда барча иш жиҳозлари: газ турбиналари, дизеллар, генераторлар, компрессорлар, юргизиб юбориш двигателлари, ёниш камералари жойлашади. Гидроаккумуляцияловчи электр ст-я (ГАЭС)нинг икки машинали схемада ишлайдиган Машина залида — ўзгартирувчи гидроагрегатлар, уч машинали схемада ишлайдиганида турбина, генератор, насос ўрнатилади. ГЭС лардаги Машина залида гидроагрегатлар, айланиш тезлигини ростлагич, мой босимли қурилмалар, гидроагрегатларни автоматик бошкариш ва ростлаш шчитлари жойлашади. Машина залининг эни ва узунлиги, агрегатларнинг сони, ўлчамлари, агрегатлар орасидаги масофага қараб аниқланади.

Loading...