МАСЖИД

МАСЖИД, мачит (араб. — сажда қилинадиган жой) — мусулмонлар жамоа бўлиб, намоз ўқийдиган жой, ибодатхона. М. лар, асосан, кундалик беш вақт намоз ўқиш учун мўлжалланган. Жума ва ҳайит намозлари эса жоме масжидларида ўқилади. Биринчи Масжидни Мадинада Муҳаммад (сав) қурдирган. Масжидлар дастлаб шаҳарларда, кейинчалик қишлоқ ва маҳаллаларда барпо этилган. Масжид ларнинг тўрида, Маккага қараган (қибла) томонида меҳроб, ҳовлисида ҳовуз, бир ёки бир неча минора бўлади. Айрим йирик Масжидлар меҳробининг ўнг томонида ваъзхонлик учун мўлжалланган минбар, баъзиларида эса Қуръон ўқиладиган махсус жойлар ҳам бўлади. Баъзи Масжидлар ҳузурида мактаблар ҳам бўлиб, уларда ўғил болаларга Қуръон ўқиш ўргатилади. Масжид ларда жума ва ҳайит намози кунлари имом-хатиблар хутба ўқиб, турли диний масалалар бўйича ваъзхонлик қилади. Ўзбекистонда 2000 га яқин Масжид бор (2003). Масжид ларда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга амал қилинган ҳолда фаолият юритилади.

Масжидлар 7—8-а. лардан турли мусулмон мамлакатларнинг маҳаллий меъморлик анъаналарида етакчи ўринни эгаллаб, ўзига хос услубда қурила бошлаган. Асосан мурабба ёки тўғри тўртбурчак тарҳли, марказий қисмида хонақоҳи бўлган, ҳовли атрофи равоқли айвонлардан иборат. 8 қиррали, гумбаз томли ва кўп устунли, галереяпи Масжидлар тош, ёғоч, ғишт, рангли кошин билан ҳашамдор безатилган (қ. Алмасжид ал-Ақсо, Алмасжид ал-Харом, Катта масжид, Ибн Ту лун масжиди ва б.).

Ўрта Осиё’да дастлабки Масжидлар Бухоро Ҳисори ичида 713 й. да Қутайба ибн Муслим томонидан маҳаллий оташгоҳ бутхона ўрнида қурилган. Ривоятларга кўра, Самарқанддаги биринчи Масжид Ҳазрати Хизр масжиди ўрнида бўлган. 10 — 11-а. лар Масжид меъморлигида ганч ўймакорлиги, ғиштни безакли қилиб териш санъати ривож топган (Термиздаги Чорустун масжиди, Деггарон масжиди, Туркманистондаги Шеркабир масжиди ва б.). 14—15-а. ларда Масжид турлари ва тузилиши ўзгариб, у шаҳарнинг энг кўзга кўринган йирик меъморий жамоат бинолари қаторидан ўрин олган. Шаҳар марказларида жоме масжид, жума масжид ва гузар, маҳалла М. лари кенг тарқалган. Мовароуннаҳр меъморлик мактабида яратилган халқ усталарининг ўзига хос мероси Эрон, Хуросон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Ҳирот меъморлиги билан ўзаро уйғунлашиб кетган. Бу мактаб меъморлигида эришилган барча имконият ва ютуқлар Гавҳаршод бегим меъморий маж-муаси, Бибихоним жоме масжиди, Кўк гумбаз масжиди, Дарбанд (Озарбай-жон)даги жума масжид (1368), Табриз (Эрон)даги Кўк масжид (1405) қурилишида ўз аксини топган.

16—17-а. ларда Масжид қурилишида гумбазлар тузилиши анча мураккаблашди. Пештоқ, равоқ ва минораларнинг турли шакллари яратидди. Безагида муқарнас нақшлар, кошинкори безаклар қўлланидди: Озарбайжоннинг Ардабил ш. даги шайх Сефи мажмуаси (15—17а. лар), Ганжадаги жума масжид (1606), Эроннинг Исфаҳон ш. даги Лутфулло масжиди (1603—1618), Шоҳ масжид (1612—1630), Машҳаддаги Мусалло масжиди (17-а. охири), Деҳли жоме масжиди, Туркиянинг Истанбул ш. даги Боязид масжиди (1505), Шаҳзода масжиди (1548), Сулаймон масжиди (1550—57), Салим масжиди (1569—75), Аҳмад масжиди (1609—17) ва б. Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ш. ларидаги Баланд масжид, Хўжа Зайниддин мажмуаси, Баҳоуддин мажмуаси. Шаҳар ташқарисида намозгоҳлар (Бухоро намозгоҳи, Қарши намозгоҳи), зиёратчилар учун хонақоҳлар (Қосим шайх хонақоҳи, Файзиобод хонақоҳи, Нодир Девонбеги хонақоҳи ва б.) қурилди.

18—19-а. ларда Туркиядаги Масжид биноларининг ташқи ва ички безакларида Европа меъморлиги таъсири сезила бошлади. Истанбулдаги Нурусмон масжиди (1755) ва б. Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларида маҳаллий меъморлик мактаблари шаклланди. Халқ усталарининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган наққошлик, ўймакорлик ва ганчкорлик санъати Масжид айвонлари, ус-тунлари ва деворлари безагида яққол намоён бўлди (Дўсти Худо масжиди, Қўқон жоме масжиди, Сирли Масжид, Хўжа илғор масжиди, Лутфулло Мавлоно масжиди ва б).

Мустакилликдан кейин анъанавий ва замонавий меъморлик усулларини уйғунлаштирган ҳолда Масжидлар қурилмоқда (мас, Бухорий ёдгорлик мажмуи, Тошкентдаги Носирхон жоме масжиди, Ғазалкентдаги Олимжон жоме масжиди ва б.).

Prev Article

МАСАТОСИ

Next Article

МАСКА