МАТЕМАТИК ЛИНГВИСТИКА

МАТЕМАТИК ЛИНГВИСТИКА — 1) тилшуносликнинг тилни тадқиқ этиш ва ўрганишда математик усуллардан фойдаланувчи бўлими;

2) мат. нинг табиий тиллар билан баъзи бир жиҳатлардан ўхшаш бўлган мавҳум структураларни ўрганувчи бўлими. Математик лингвистика тилшунослик бўлими сифатида табиий тиллар ҳодисаларини ва уларни тадқиқ этиш жараёнларини мавҳумий-семиотик моделлаштириш усулидан фойдаланади; математик фан сифатида эса ана шу моделларнинг энг умумий хоссаларини тадқиқ этади ва уларнинг тузилиш усулларини ўрганади. Ҳар иккала маънодаги Математик лингвистика айни бир тушунчавий аппаратдан фойдаланади, улар орасида шунчалик яқин боғлиқлик мавжудки, уни маълум шартлар билан ягона семиотик фан соҳаси деб ҳисоблаш мумкин.

Математик лингвистика 20-а. нинг 50-й. ларида пайдо бўлган. Унинг асосий тушунчалари — асос қилиб олинган белги-ишоралар (алифбо, луғат) тўплами ва маълум алифбо белги-ишоралари (сўз шакллар, иборалар тўплами) изчилликлари (занжирлари) тўплами каби тушунчалардир. Бу асосий тушунчалар тилнинг ҳар бир сатҳида қўлланади. Ўз мақсад-вазифасига кўра, Математик лингвистика энг аввало назарий тилшунослик воситаси ҳисобланади. Айни пайтда унинг усул ва йўллари амалий лингвистик тадқиқотларда — матнга автоматик ишлов беришда, автоматик таржимада, инсон ва ЭҲМ ўртасидаги алоқа билан боғлиқ тадқиқотларда кенг қўлланмоқда.