МАТО

МАТОхалқ бадиий ҳунармандлигида қадимдан қўлда тўқиб тайёрланган тўқимачилик маҳсулоти; газлама. Ўрта Осиё ҳудудида ип (бўз, жанда, олача, суси, чит, калами), ипак (атлас, бахмал, зандоначи, шойи) ва ним-шойи (беқасам, адрас, парпаша) М. лар тайёрлаш қадимдан кенг тарқалган. Дастлаб гулсиз (сидирға), кейинроқ содда гулли — ҳошияли, йўл-йўл ва катаклар ҳосил қилиб безаш йўлга қўйилган; шунингдек, абрбанди усулида бўяб тайёрланган, босма қолипда гул босиш (айниқса, читгарликда) ривожланган. Ўзбекистон ҳудуди (Бухоро, Марғилон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Хоразм ва б.)да Мато тайёрлаш марказлари юзага келган ва ривожланган.

Халқ усталари томонидан ҳоз. кунда анъанавий усулларда тайёрланаётган Матолар (адрас, атлас, беқасам, шойи ва б.) анъанавий нақши ва сифати билан диққатга сазовор; республика ҳудудида ва хорижда ҳам ушбу Мато ларга талаб катта.