МАВЛОНБУВА МАҚБАРАСИ

МАВЛОНБУВА МАҚБАРАСИ — Намангандаги меъморий ёдгорлик (1806). Маҳаллий шоир Мавлонбува қабри ва унинг жан. даги пештоқ гумбазли зиёратхонаси сақланган. Зиёратхона мурабба тархли (7×7 м). Бош тарзи жан. га қараган. Пештоқининг 2 ёнига гулдасталар ишланган. Гулдасталар тепасига анъанавий мезана ўрнига қуббали, 3 босқичли конус ишланган. Пештоқи ўзига хос меҳробий ва тўғри бурчакли юза намоёнлар билан безатилган. Унда бино қурилган сана сақланган. Зиёратхона ичи ганч сувоқ қилиниб, мойбўёқда гул солинган. Ғарбий деворида текис чизилган меҳроб бор. Изораларида гулли гулдон ва гириҳ нақшлар тасвирланган, араб имлосида шеърлар битилган. Мавлонбува ижодининг ихлосмандлари, шоирлар зиёратхона деворлари ва арақи сарровларга, кейинчалик бу ерда сақланадиган ўрама қоғозга шеърлар ёзиб қолдирганлар. Зиёратхонанинг панжарали дарчасидан Мавлонбуванинг оддий сағанаси кўриниб туради.

Loading...