МАВЛОНОВ Ғани Орифхонович

МАВЛОНОВ Ғани Орифхонович (1910.15.1 — Тошкент — 1988.12.3) — геолог олим, Ўзбекистон ФА акад. (1960), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1970). Геол. минералогия фанлари д-ри (1955), проф. (1957). Иккинчи жахрн уруши катнашчиси. Ўрта Осиё индустриал ин-тини тугатган (1935). 1940—41 й. ларда шу ин-тда декан, доцент. Ўзбекистон ФА Геология ин-тида илмий ходим (1946-49), лаб. мудири (1949-55) ва директор (1956—60). Гидрогеология ва муҳандислик геологияси ин-ти директори (1960—66). 1966 й. дан Узбекистон ФА Сейсмология ин-ти директори.

Илмий ишлари лес ва лёссимон жинсларнинг генетик типлари, муҳандислик геологик хусусиятлари, физик-механик хоссаларига бағишланган. М. Ўрта Осиёда тарқалган тўртламчи давр ётқизиқларини ёшига қараб тўрт даврга бўлди ва уларнинг таркалган майдонларини харитага туширди (1949). Тошкент зилзиласидан кейин сейсмологияга оид тадқиқотлар билан шуғулланган. Жумладан, Тошкент ш. ва шаҳар атрофини сейсмик микрорайонлаштириш харитасини, 1978 й. «Ўзбекистонни сейсмик районлаштириш» харитасини янги таҳрирдаги вариантини тузиш ишларига раҳбарлик қилган. Зилзилалар жараёнида ер ости сувлари ва газ таркибларининг ўзгариши ҳақида илмий кашфиёт муаллифи. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1981). Мавлонов номига Тошкент ш. да куча, Сейсмология ин-ти қўйилган, шу ин-тда Мавлоновга бағишланган музей (1990) мавжуд.

Ас: Тошкент зилзиласи, Т., 1971.

Loading...