МАВСУМ МАРОСИМ ҚЎШИҚЛАРИ

МАВСУМ МАРОСИМ ҚЎШИҚЛАРИхалқ оғзаки ижодининг йил фаслларини белгиловчи, турли маросим ҳамда анъанавий байрамлар жараёнида ижро этилган қад. қўшиқ турларидан. Келиб чиқиши энеолит (янги тош) даврида юзага келган чорвачилик ва деҳқончилик меҳнатлари билан боғлиқ. Қадимда мазкур меҳнатлар йил фаслларининг узвий айланиб туриш жараёнига бевосита боғлиқ бўлган. Одамлар турли маросимлар, қурбонликлар ва қўшиклар ҳомий руҳларга ёқиб, улар бизга мўл ҳосил беради, деб ишонишган. Бунинг натижасида бир-бирини тўлдирувчи мавсумий маросим қўшиқлар силсиласи шакл топган: баҳор келиши муносабати билан «Офтоб чиқди», «Лайлак келди», «Бойчечак» каби қўшиқлар куйланган; «Сумалак», «Гулёр» «Наврўз йўкловлари», «Иш оши» айтимлари «Наврўз» байрами ва «Лола сайли», «Қизил гул сайли» миллий-анъанавий халқ байрамларида; «Шохмойлаш», «Қўш-қўш» кабилар шудгорлаш даврида, «Суст хотин» қурғоқчилик бошланганида ижро этилган. Ёзкуз фаслига оид «Обло барака», «Ўрим», «Хўр майда», «Қовун сайли», қишда ўтказилган гапгаштакларда («Алёр»), «Яс-юсун» маросимлари машҳур бўлган. Беруний 6-а. дан аждодларимиз кузги тенг кунликни «Меҳржон», баҳорни «Наврўз» байрами билан давлат миқёсида нишонланганини айтади. Мавсум маросим қўшиқларида илк бор банд, банднақарот шакллари ривож топиб, ўйин ҳаракатлари ёки афсун айтимларининг ритмик хусусиятларини ифодаловчи мусиқий ва шеърий (жумладан, сатр бўғинлар сонига асосланган бармоқ) вазнлар юзага келади. Муайян ритмик «қолип» ларга ҳамда парда тузилмаларига таянган оҳанглар негизида кейинчалик оҳангдор мусиқа усулуби шакл топади (яна қ. Қўшиқ, Маросим қўшиқлари).

Loading...