МАХМУР (тахаллуси; асл исмшарифи Мақмуд Мулла Шермуҳаммад ўғли, ?—Қўқон — 1844) — ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларидан бири. Шоир Мулла Шермуҳаммад Акмал Ҳўқандийнинг ўғли. Қўқондаги Мадрасаи Мирда таҳсил олган. Умархон қўшинида сарбозликсипоҳийлик қилган. Махмур ёшлигидан шеъриятга ҳавас қўйиб, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий меросини ўрганган.
Шоирнинг шахсий ҳаёти жуда оғир кечган, бу эса унинг ижодида ҳам ёрқин из қолдириб, кўпчилик шеърларининг мазмунруҳига сезиларли таъсир кўрсатган. Махмур табиатан мунофиқлик ва риёкорликни қатъий қораловчи, ҳийланайранг ва қинғир ишларни ёқтирмайдиган, айни замонда, нозик дид ва сержаҳл, ўз қадрқимматини юқори тутувчи инсон бўлган.
Махмурнинг анъанавий девон тузганлиги номаълум. 1950 й. да Пўлатжон Қаюмов ва Асқарали Чархийлар изланишлари туфайли Қўқонда Махмурнинг ўзбек ва форсий тиллардаги шеърий мажмуаси то-пилган. Махмур асарларининг деярли ҳаммаси ўз мазмун ва руҳига кўра, ҳажвий ва танқидий йўналишдадир. Мумтоз шеъриятнинг ғазал, маснавий, мухаммас ва қасида турларида яратилган бу асарлар миллий адабиётда ижтимоий ҳажвиётнинг Махмур ижодида янада юксак поғонага кўтарилганини кўрсатади. Шоир ўз давридаги тузумнинг кўпдан-кўп иллатларини кескин танқид остига олган, ўша замондаги адолатсизлик, зўравонлик ва ҳуқуқсизликни фош этган. Бу танқид, кўпинча, «жафокор фалак», «бераҳм чарх» қилмишидан ўтли шикоят, аччиқ тақдирдан, бефайз ҳаётдан нолафиғон тарзида юзага келган.
Қишлоқ аҳлининг оч-яланғоч ҳаёти, ўлкани қуршаган вайронагарчилик, харобазорларга айланган қишлокларнинг аянчли манзараси «Ҳапалак» сатирасида жонли ва таъсирчан чизилган. Унда шоир жуда катта ижтимоий мазмунни ўзига хос рамзий образларда, халқона қочириқ ва аччиқ кино-ялар, имо-ишоралар воситасида эсда қоларли даражада бадиий маҳорат билан ифодалай олган. Махмурнинг халқ сўзлашув тилига кўчиб, мақолматаллар доирасидан мустаҳкам ўрин олган «Товуқи игначию ўрдагу ғози — капалак!; Бир катак, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак!; Халқини кўрсанг агар ўласию қоқу хароб,очликдан эгилиб қомати мисли камалак» каби мисралари Ҳапалак қишлоғининг харобага айланганини (шоирнинг онаси шу ерлик бўлган), деҳқонларнинг эса ўта қашшоқ ҳаётини ишонарли гавдалантиради. Вайрона қишлоқлар ва бечора деҳқон аҳли мав-зуи Махмурнинг бошқа шеърларида ҳам шу тарзда танқидий рухда ҳаётий тахлил этилган.
Махмурнинг кўпгина ҳажвий шеърлари замонасидаги аниқ шахсларга қаратилган: «Исқотий», «Амаким», «Хўжа Мир Асад ҳажви», «Ҳажви Атойи порахўр», «Қози Муҳаммад Ражаб Авж сифатлари» ва б.
Махмур ижодий меросида ҳажв санъатининг мураккаб, айни замонда, маҳсулдор ва ёрқин усулларидан бири — ўз-ўзини фош этиш усулида яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади. Шоирга замондош тарихий шахслар — юқори лавозимли амалдорлардан Ҳожи Ниёз, Ҳаким Туробий, Мулла Яъқуб Хўжандий кабиларнинг жирканч табиати ва қабиҳ амалийижтимоий фаолиятларини аёвсиз фош этувчи ҳажвиялар бу туркумнинг етук намуналаридир.
Шоир қолдирган адабий мерос ичида «Каримқули Меҳтарнинг сифатлари» деб номланган маснавий алоҳида ўрин тутади. Тарихан ҳаётда бўлган во-қеани бадиий баён этувчи бу асарда шоир моҳир ҳажвий — ҳазил шеър устаси сифатида намоён бўлади. Карим-қули Меҳтар томонидан ўзига ажратилган совға — отни таърифлаш жараёнида ҳажвий тасвирнинг гўзал лавҳаларини яратади. «Сув ҳам ичса тамоғига тиқилар, Пашша гар қўнса ёлига йиқилар» даражасида қирчанғи бўлган, «кунда етти нўхта узар, мисли қўчқор сузар, оғзида тишдин асар йўқ» от таърифида Махмур халқоғзаки ижодининг лоф, аския турлари руҳи ва услубида қув-ноқ мисралар битади («Ҳам ҳаришу ҳам харобу ҳам бадном, Икки минг айб ангадур мудом…»).
Махмур — зуллисонайн шоир. Форс тили ва шеъриятини мукаммал билган. Бир қанча форсий асарлар ҳам яратган. Унинг меросида Шарқ шеъриятининг муламма ва ширу шакар турларининг намуналари мавжуд. Махмур ижодий фаолияти ўзбек мумтоз адабиётида танқидий йўналишнинг, айниқса, ҳажвиётнинг тараққиётида навбатдаги юқори босқич бўлди.
Махмурнинг ҳажвий шеърлар девони сақланган, унда 69 асар (3417 мисра) жамланган, лирик асарлари эса баёзларда учрайди. Махмур адабий мероси кейинги даврлар қалам аҳли, хусусан, ҳажв-гўйлар ижодига жиддий таъсир кўрсатган. Муқимий ва Яодгшларнинг Ҳапалак қишлоғи ҳақидаги ҳажвияга тахмис боғлаганликлари, Махмур юмористик таҳлил этган қирчанғи от мавзуида 19-а. охирлари ва 20-а. бошларида кўплаб ҳажвий намуналарнинг пайдо бўлиши хулоса учун ишончли далилдир.
Ас: Танланган асарлар, Т., 1951; Шеърлар, Т., 1959.
Ад:. Қаюмов А., Қўқон адабий муҳити, Т., 1961.
Абдурашид Абдуғафуров.