МАЙИН ЖУНЛИ ҚЎЙЛАР

МАЙИН ЖУНЛИ ҚЎЙЛАРжун қоплами ўта зич жойлашган тивит тоифасидаги майин толадан ташкил топган қўйлар гуруҳи. Майин жунли қўйлар қадимдан урчитилади. Австралия, Европа, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва б. мамлакатларда боқилади.

Майин жунли қўйлар тери сатҳининг 1 см2 майдончасида 4 — 11 минг жун толаси жойлашган бўлиб, ўртача диаметри 25 мкм дан ошмайди. Майин жунли қўйлар жунининг жингалаклари бир меъёрда. Толанинг 1 см2 узунлигида 6—9 жингалак мавжуд. Тери қатламларидаги ёғ ва тер безлари маҳсули бўлган мураккаб ёғтер аралашмалари жун толаларини сиртдан қоплаб, ташки муҳитнинг ноқулай шароитлари (ҳарорат, намлик) таъсиридан ва ифлосланишидан асрайди. Жунининг ўртача уз. 7—10 см.

Майин жунли қўйлар ларнинг асосий маҳсулоти бир хил тузилишдан иборат, оқ ранг, ипаксимон товланувчи, юқори сифатли майин жун. Юнонлар бу жунни «олтин жун» деб аташган. Жунни қайта ишлаш ва тўқимачилик саноатида юқори си-фатга эга бўлган силлиқ жун газламалар ва мовут ишлаб чиқарилади.

Асосий жун маҳсулотидан ташқари, майин жунли қўйлардан гўшт ҳам олинади. Шунга кўра, Майин жунли қўйлар 3 гуруҳга: жундор (озарбайжон тоғ мериноси, Ставрополь зотлари, совет минораси ва б.); жунгўшт йўналишидаги (Аскания, Олтойкавказ ва б.) ва гўшт-жун йўналишидаги Майин жунли қўйлар (архаромеринослар ва б. зотлар)га бўлинади.

Майин жунли қўйлар 1 кг тирик вазни ҳисобига 50 — 70 г ва ундан ҳам ортиқроқ жун тола бериши билан бошқа гуруҳлардан устунлик қилади, лекин жуссаси майдароқ. Совлиқларининг тирик вазни 45—50 кг, қўчқорларники 80—90 кг. Бир она қўйдан камида 2,5—3,0 кг соф жун толаси олиш мумкин.

Бошқа қўйларга нисбатан Майин жунли қўйлар яшаш шароитига ўта талабчан. Уларни асраш, боқиш, парвариш қилиш махсус тайёргарликни ва эътиборни талаб қилади.

19-а. нинг 70—80 й. лари ва 20-а. бошларида ва ўрталарида Майин жунли қўйлар Ўзбекистон ҳудудига ҳам келтирилган. Тош-кент, Жиззах ва б. вилоятлар хўжаликларида олиб борилган и. т. ишлари ва кузатишлар натижасида республикада ярим майин жунли қўйчилик тармоғининг пайдо бўлиши ва шаклланиши бирмунча жадаллашди.

ЛЛ. Шчекин В. А., ЧорвачиликТ., 1960; Амиров А. Қ. ва б., Чорвачилик, Т., 1980.

Абдусаттор Амиров.

Loading...