МЕЪДА ШИРАСИ

МЕЪДА ШИРАСИмеъда (ошқозон) шиллиқ пардасининг турли без ҳужайраларидан ишланиб чиқадиган овқат ҳазм қилиш шираси; рангсиз, тиниқ, нордон суюклик. Унда хлорид кислота ва бир қатор минерал тузлар, шунингдек, ферментлар (асосан, пепсин ва б.) бор. Одам М. ш. даги хлорид кислота концентрацияси 0,4—0,5% га тенг. Хлорид кислота овқатни ўзлаштиришда муҳим роль ўйнайди. У овқат луқмаларини намлаб юмшатади, Меъда ширасининг ферментларини фаоллаштиради, микроорганизмларни ўлдиради, меъда ости безининг ферментлар ишлаб чиқаришини кучайтиради, овқат ҳазм қилиш гормонларининг ҳосил бўлишига ёрдам беради. Меъда шираси даги хлорид кислота миқцори «кислоталилик» деган тушунча билан юритилади. Кислоталилик ҳамма вақт бир хил бўлмайди, у шира ажралишининг тезлигига, ишқорий реак-цияга эга бўлган меъда шиллиғининг нейтраллаш таъсирига боғлиқ; овқат ҳазм килиш системаси аъзоларининг касалликларида ҳам кислоталилик ўзгаради. Маълумки, меъда бези ҳужайралари асосий, қопловчи ва қўшимча ҳужайраларга бўлинади, уларнинг ҳар қайси гуруҳи ширанинг маълум бир таркибий қисмини ишлаб чиқаради. Қўшимча хужайралар Меъда ширасини қовушқоқ қилувчи шиллиқ ажратади, ана шу шиллиқ хлорид кислотани нейтраллайди ва Меъда ширасининг кислоталилигини камайтиради, шиллиқ пардани таъсирлардан саклайди ва меъдага тушган озиқ маҳсулотларни ўзлаштиришда иштирок этади. Меъда шираси таркибида ферментлар, шиллиқ ва хлорид кислотадан ташқари, бир қатор органик ва анорганик моддалар, шунингдек, ингичка ичакда витамин В|2 нинг сўрилишини таъминлайдиган Касл фактори деб аталувчи махсус модда бўлади; у кўмикда қизил қон таначалари (эритроцитлар)нинг нормал етилиши учун зарур. Меъда, ичак, жигар, ўт пуфаги ҳамда қон касалликларида, шунингдек, руҳий ҳаяжонланиш ва қайғу таъсирида ҳам Меъда ширасининг миқпори ва таркиби ўзгариши мумкин. Меъда ширасини зонд билан олиб текшириш диагностик аҳамиятга эга.