МЕЪДАНИ ЮВИШ

МЕЪДАНИ ЮВИШ — турли моддалардан заҳарланганда, сифатсиз овқат еб қўйганда, шу моддалар ёки овқат қолдикларини меъдадан чиқариб ташлаш мақсадида қўлланилган муолажа. Беморнинг аҳволига қараб у ўтирган ёки ётган ҳолатида қилинади. Меъда зонд б-н ёки оддий усулда ювилади. Зонд орқали ювганда 600—800 мл илиқ сувга 2% ли натрий гидрокарбонат ёки калий перманганат эритмаси қўшиб меъдага юборилади ва қайта сўриб олинади. Меъдага юбориладиган сув тоза бўлиб қайтиб тушмагунича Меъдани ювиш такрорланаверади. Бунинг учун 8—10 л ча суюқлик ишлатилади. Муолажани тиббиёт ходими бажаради. Уй шароитида (ҳаёт учун хавфли заҳарланиш ҳоллари рўй берганида, врач етиб келгунга қадар) ёки зонд б-н ювиш мумкин бўлмаганда оддий усул қўлланади. Бунинг учун беморга кетма-кет 5—6 стакан илиқ сув ичириб қустирилади. Бу оддий усулни бир неча марта такрорлаш лозим. Меъда ювиб бўлингач, бемор иссиқ ўринга ётқизилиб, ором берилади; оғзини чайганидан сўнг 1—2 қултум иссиқ чой ичирилади.

Loading...