МЕҲНАТ СТАЖИ

МЕҲНАТ СТАЖИ — ходимнинг белгиланган тартибда ҳисобланадиган меҳнат фаолияти даври. У иш вактини ҳам, дам олиш вақгини ҳам ўз ичига олади.

Меҳнат стажи — бирор ижтимоий шаклда ҳақ тўланадиган ва б. шаклдаги меҳнат фаолиятидир. ЎзРда ижтимоий таъминот ҳуқуқига кўра, Меҳнат стажи — фуқароларнинг ижтимоий и. ч. даги, шунингдек, қонунга асосан бошқа соҳалардаги ижтимоий фойдали фаолияти бўлиб, ҳуқуқ нормаларига асосан бу фаолиятдан муайян юридик оқибатлар (пенсия билан таъминланиш, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар олиш ҳуқуқи ва б.) келиб чиқади. Деҳқон хўжаликлари аъзоларининг ўз хўжаликларида ишлаган вақтлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг ишлаган вақтлари ҳам Меҳнат стажига киради. Ҳарбий ва б. махсус давлат хизматлари даврлари, шунингдек, айрим соқаларида ишлаган даврлар қонунчиликда узоқ йиллик хизмат дейилади, лекин айрим норматив хуқуқий ҳужжатларда бу фаолият ҳам Меҳнат стажи деб юритилади. Меҳнат стажи пенсия миқдорини белгилаш (мас, пенсиялар, устамалар белгилаш, тўлиқсиз Меҳнат стажи билан пенсия тайинлаш, узоқ йиллик хизмат учун пенсия тайинлаш) пайтида муҳим аҳамиятга эгадир.

Меҳнат стажининг муҳим туридан бири — махсус Меҳнат стажи ҳисобланади. Махсус Меҳнат стажи – муайян шароитларда, Ўзбекистон Республикасининг маълум ҳудудларида ёки муайян касб, лавозимларда ишлаган вақт бўлиб, у ходимга бир қатор имтиёзлар берилиши ёки ходимнинг таъминотнинг баъзи турлари билан таъминланишини назарда тутади. Махсус Меҳнат стажи асосида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган и. ч. лар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхати ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1994 й. 12 майдаги 250сонли қарори билан тасдикланган.

Меҳнат стажи борасида узоқ йиллик хизмат тушунчаси ҳам мавжуд. Бундай стаж умумий меҳнат стажининг алоҳида кўринишидир. Узоқ йиллик хизмат бир қанча йиллар билан ўлчанадиган узоқ муддатли меҳнат, жамоат ёки давлат фаолияти бўлиб, муайян шароитда тегишли имтиёз ва афзалликлар олиш ҳуқуқини беради. Мас, айрим тоифа ходимларга муайян ихтисослар бўйича узоқ йиллик хизмат учун пенсия ходимнинг меҳнат қобилияти ва, одатда, ёшидан қатъи назар тайинланади.

Умумий Меҳнат стажига тааллуқли асосий масалалар ЎзРнинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни (1993 й. 3 сент.), ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллаиувчи жисмонйи шахслар ва деҳқон хўжаликлари аъзоларини давлат томонидан суғурталаш тўғрисида»ги 351сонли қарори (2001 й. 24 авг.) билан тасдиқланган.

ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1994 й. 11 майдаги 249сонли қарорига мувофиқ, пенсия тайинлаш учун Меҳнат стажи сига оид тартиб тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Меҳнат стажи мазкур Низомга асосан тайинланади ва тасдиқланади. Меҳнат стажи иш, хизмат, ўқиш жойидан ёки Меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадиган бошқа фаоли-ят амалга оширилган жойдан ёхуд архив муассасалари томонидан берилган ҳужжатлар асосида белгиланади. Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг Меҳнат стажи бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси органлари берадиган маълумотномалар асосида белгиланади. Меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса (иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимлар бундан мустас-но), иш даври гувохларнинг кўрсатмаси асосида белгиланади. Меҳнат дафтарчаси, шунингдек, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси органлари берган суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи маълумотлар Меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади.

ЎзР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 й. 1 апр. даги 21сонли буйруғи билан тасдикланган Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун Меҳнат стажини белгилаш ва ҳисоблаш тартиби баён қилинган.

Анвар Иноятов.