МЕҲНАТ УНУМДОРЛИГИ — и. ч. жараёнида кишилар меҳнатининг фойдалилиги, самарадорлиги ва маҳсулдорлиги; М. у. ишловчининг маълум вақт бирлиги (соат, смена, ой, йил) ичида тайёрлаган маҳсулот ҳажми билан ўлчанади. И. ч. тармоқлари ва корхоналарда меҳнат унумдорлиги ялпи ёки соф маҳсулот асосида ҳисобланади. Йиллик маҳсулот ҳажмини ўртача ишловчилар сонига бўлиш орқали бир ишловчи ҳисобига яратилган маҳсулот аниқланади.
Меҳнат унумдорлигининг ўсиши маҳсулот бирлигини и. ч. да меҳнат сарфининг камайиши демакдир. Меҳнат унумдорлиги юқори бўлса, жами-ят ҳар бир ходим ҳисобига кўпроқ маҳсулот тайёрлаш, бинобарин, ўзининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш имкониятига эга бўлади. Меҳнатнинг асосий капитал билан таъминланишини яхшилаш, фантехника тараққиёти ютуқлари ва янги технологияни жорий этиш, и. ч. жараёнларини автоматлаштириш, ходимларнинг малакасини ва техник тайёргарлик даражасини, маданиятини, маълумотини ошириш Меҳнат унумдорлиги ўсишининг энг муҳим омилларидандир.