МЕКСИКА БЎЙИ ПАСТТЕКИСЛИГИ

МЕКСИКА БЎЙИ ПАСТТЕКИСЛИГИ — Шим. Американинг жан.шарқидаги пасттекислик, АҚШ ва Мексикада. Атлантика бўйи пасттекислиги, Аппалачи тоғлари, Марказий текисликлар, Уошито тоғлари, Буюк текисликлар билан чегараланган, жан. дан Мексика қўлтиғи билан ўралган. Эни 350 км гача. Энг баланд жойи 150 м. Чўкинди жинслардан таркиб топган. Ер юзаси ясси текислик бўлиб, дарё водийлари (Миссисипи, Рио-Гранде ва б.) билан кесилган. Иклими субтропик, жан.-ғарбий қисмида тропик иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси шим. да 4—8°, соҳил қисмида 12°, июлники 26—28°. Йиллик ёғин ғарбида 600—800 мм, шарқида 1200—1500 мм. Тупроқлари қизил, чимли карбонатли, чимли аллювиаль ва ботқоқ тупроклар. Ҳудудининг 1/3 қисми ўрмон. Қорақарағай, қайин, дуб, магнолия, дарё водийларида ботқоқсарви, терак ўсади. Саванналар бор. Пахта, тамаки, шоли, шакарқамиш экилади. Йирик нефть ва газ конлари топилган. Йирик шаҳарлари: Янги Орлеан, Хьюстон (АҚШ), Тампико, Веракрус (Мексика).

Loading...