МЕЛАНИНЛАР

МЕЛАНИНЛАР (юн. melas — қора) — тўқ жигарранг ва қора пигментлар. Одам, ўсимлик ва ҳайвон тўқималарида кенг тарқалган. Юқори молекулали бўлиб, сувда эримайди. Тери қоплами ва унинг ҳосилалари (соч, жун, пат, тангачалар), ҳашаротлар кутикулалари, мева пўсти ва ҳ. к. рангини белгилайди; альбиносларда Меланинлар бўлмайди (қ. Альбинизм). М. тирозин аминокислоталарининг оксидланиши натижасида ҳосил бўладиган ўзгаришлар маҳсули. Одам терисининг ранги маълум даражада Меланинларга боғлиқ. Одам ва ҳайвонларда Меланинлар ҳосил бўлиши эндокрин безлар фаолияти билан боғлиқ. Айрим гормонал бузилишлар, баъзан ҳомиладорлик, ку-йиш ва ультрабинафша нурлар таъсирида терида Меланинлар пайдо бўлиши тезлашади. Меланинлар миқцорининг ортиши сўгал, айрим хавфли ўсма (меланома)ларда кузатилади. Баъзан ўсимлик маҳсулотларини тозалаш чоғида (мас, картошка артганда) ҳам Меланинлар ҳосил бўлиши мумкин.

Loading...