МЕЛИОРАЦИЯ

МЕЛИОРАЦИЯ (лот. melioraio — яхшилаш) , қишлоқ хўжалиги мелиорацияси — ерларнинг унумдорлигини тубдан яхшилашга қаратилган ташкилийхўжалик, муҳандислик ва агротехник тадбирлар туркуми. Мелиорация табиий шароитлар (тупроқ, гидрологик, иқлимий ва б.) мажмуини керакли йўналишда ўзгартириш; тупроқда экинларни етиштириш учун қулай бўлган сувҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ва ҳаракатини ўзгартириш имкониятини беради. Мелиорация катта халқ хўжалиги аҳамиятига эга: янги ерлар ўзлаштирилиб, экин майдонлари кенгаяди, ерларнинг унумдорлиги, ҳосилдорлиги ошади, маҳсулот сифати яхшиланиб, унинг таннар-хи камаяди. Мелиорация иқтисодий-ижтимоий масалалар билан бирга экологик вазифани ҳам ҳал этади.

Мелиорация мақсадларига кўра, 3 асосий туркумга бўлинади. Ноқулай сув режимига эга бўлган ерлар Мелиорацияси (қурғоқчил деҳқончилик р-нларини суғориш, ортиқча зах босган ерларда зах қочириш, чорвачилик ривожланган чўл ва ярим чўл ҳудудлардаги яйловларга сув чиқариш ва ҳ. к.); ноқулай физик ва кимёвий хоссали ерлар Мелиорацияси (шўрхок, қумли, оғир, берчлашган, зичлашган тупроқлар ва б.); сув ва шамол таъсирида эрозияга учраган ерлар Мелиорацияси Ноқулай табиий шаро-итларга таъсир кўрсатиш воситалари ва усуллари бўйича Мелиорация қуйидаги турларга бўлинади: гидротехник Мелиорация (сув ресурсларини суғориш мақсадларида каналлар, сув омборлари ва б.) гидротехник иншоотлар тармоқлари орқали бошқариш; дренаж ва шўр ювиш йўли б-н грунт сувлари сатҳини тартибга солиш ва тупроқдан ўсимликлар учун зарарли туздарни чиқариб ташлаш; терассалар, сел тўсгич иншоотлар, сув тутгич тупроқ кўтармалар, сув йиғгич каналлар ва б. ёрдамида ер усти оқар сувлар билан тупроқ ювилиши ва оқиб кетишини бартараф этиш); агротехник Мелиорация (ирригация эрозиясига йўл қўймаслик мақсадида ерни ҳайдаш ва суғоришда йўналишларни ўзгартириб туриш; шўрланган ерларни ўзлаштиришда кўп йиллик ўсимликлардан кўпроқ фойдаланган ҳолда алмашлаб экишни қўллаш; қумли тупрокларга сидератлар экиш; қумли тупроқларни гиллаш ва б.); ўрмон хўжалиги М. си (иҳота ўрмонзорлари ташкил қилиш ва эрозияга қарши махсус дарахтзорлар барпо этиш сингари тадбирлар билан шамол ва сув таъсирида юз берадиган тупроқ эрозиясини бартараф этиш).

Мелиорация усуллари ерни тубдан ёки капитал яхшилаш ишларидан иборат. Сугориш тизимлари эса ерларга зарур миқдорда ва керакли муддатларда сув беришни таъминловчи, узок, муддатга мўлжалланган иншоотлардир. Коллектор-дренаж тармоғи ортиқча грунт сувларини мунтазам чикариб ташлашни таъминлайди. Мелиорациянинг барча турларини биргаликда қўллаш яхши самара беради. Ер майдонлари Мелиорацияси, айниқса қуруқ иқлимли минтақаларда, иқлимни ўзгартиришга ҳам олиб келади, суғориш ҳавонинг ерга яқин қатламида намликни оширади (тупроқ ва ўсимлик қопламидан буғланган намлик туфайли), натижада ҳарорат пасайиб, қурғоқчилик таъсири камаяди.

Мелиорация куп капитал маблағ талаб қилади, аммо у мелиорацияланадиган ерлар маҳсулдорлигининг йил сайин ошиб бориши ҳисобига бир неча йил ичида ўзини қоплайди. Mac, ғалла экинлари суғорилмайдиган майдонлардагига нисбатан суғориладиган ерларда 4—5 марта ортиқ ҳосил беради, сугорма деҳқончилик ҳудудларида айрим экинларни суғормасдан етиштириш амалда мумкин эмас.

Мелиорация тарихи. Ўрта Осиё ҳудудида Мелиорация қадимий даврлардан қўлланила бошланган. Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида топилган суғориш тармоқлари қолдиклари қадимий Суғдиёна, Шим. Бақтрия, Хоразм, Фарғона, Марғиёна каби давлатларда деҳқончилик маданияти юқори бўлганлигини кўрсатади. Мил. ав. 6—5минг йилликларда тоғ олди ҳудудларда лиман ва қайир усулида деҳқончилик қилинган. Суғориб деҳқончилик қилиш мил. ав. 2-минг йилликда Сурхондарёда, Зараф-шон, Фарғона водийларида, Амударё дельтасида юзага келган. Сирдарё ва Амударё этакларида суғориш асосида ерларни ўзлаштириш ишлари мил. ав. 8—7-а. ларда олиб борилган.

20-а. нинг 20-й. ларидан Ўрта Осиёда Мелиорация тадбирлари кенг миқёсда амалга оширила бошланди, айниқса, эски суғориш тармоқдарини тиклаш ва янгиларини қуришга катта эътибор берилди.

Грунт сувлари сатҳини тартибга солиш, ерларни шўрсизлантириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди. Бу ишларда дренажнинг энг самарали турлари — ёпиқ горизонтал ва вертикал дренажлар қўлланилди.

Мелиорация миқёси, айниқса, Ўзбекистонда катга бўлди: Мирзачўлни ўзлаштириш мисолида ялпи мелиоратив қурилишнинг принципиал янги технологияси барпо қилинди, техник жиҳатдан мукаммал мелиоратив тадбирлар ишлаб чиқилди. Сув ресурсларини серсув манбалардан кам сув ҳавзаларга ўтказиш катта миқёсда амалга оширилди, машиналашган суғориш тобора ривожланди.

Умуман, Ўзбекистон қудратли сув хўжалиги мажмуига эга: суғориладиган деҳқончилик кўлами 4,3 млн. га; умумий сув сарфи 2500 м3/сек бўлган 75 та йирик канал, 32,4 минг км узунликда хўжаликлараро ва 176,4 минг км хўжалик суғориш тармоқлари, 31 минг км хўжаликлараро ва 106,3 минг км хўжалик коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд. Хўжаликларда 12,8 мингтага яқин насос ст-ялари ёрдамида 1050 минг га атрофида экинзорлар суғорилмоқда. 4800 дан ортиқ вертикал дренажлар, 24,6 мингдан ортиқ кузатув ва 2000 га яқин суғориш қудуқларидан фойдаланилмоқда (2003 й.) (яна қ. Суғориш).

Ад.: Костяков А. Н., Основы мелиорации, 6 изд., М., 1960; Ирригация Узбекистана: т. 1—4, Т., 1976—81; Ахмедов X. А., Суғориш мелиорацияси, Т., 1977; Муҳаммаджонов А., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи, Т., 1972; Камилов О. К., Мелиорация засоленных почв Узбекистана, Т., 1985; Решетов Г. Г., Мелиорация новоосваиваемых почв Узбекистана, Т., 1986; Мелиорация земель в Узбекистане, Т., 1986. Собиржон Азимбоев, Зиёмиддин Артукметов.

Loading...