МЕЛИТОПОЛЬ

МЕЛИТОПОЛЬ — Украинанинг Запорожье вилоятидаги шаҳар (1841 й. дан). Молочная дарёси бўйида. Т. й. станцияси. Аҳолиси 178,1 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Машинасозлик етакчи ўринда. Йирик корхоналари: мотор («Запорожец» ва «Волинь» енгил автомобиллари учун куч агрегатлари ишлаб чиқарилади), совиткичлар, трактор гидроагрегатлари, озиқ-овқат машинасозлиги, компрессор з-длари. Озиқ-овқат (гўшт к-ти, сут, консерва, мой экстракция з-длари), енгил (тикувчилик, трикотаж ф-калари) саноатлари ривожланган. Педагогика ва қ. х. механизациялаш ин-тлари, 2 техникум, 2 олий билим юрти, ўлкашунослик музейи бор. М. га 1784 й. да асос солинган.