МЕЪМОРЛИК

МЕЪМОРЛИК, архитектура — фойдаланишдаги мақсад ва вазифалар, замонавий техник имкониятлар ва жамиятнинг эстетик карашларидан келиб чиқиб бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш санъати. Меъмор инсон ҳаёти ва фаолияти учун зарур фазовий муҳитни тафаккур кучи билан аввал ижодий лойиҳада режалаб, уни амалда юксак дид ва маҳорат билан бунёд этади. Меъморлик асарлари қаторига турли-туман бинолар, уйжойлар, меъморий мажмуалар, майдонлар, шаҳарлар, улардаги мону-ментлар, усти очиқ ва ёпиқ иншоотлар киради. Аҳоли яшайдиган манзиллар — қишлоқ, шаҳар ва шаҳарчаларни режалаб ташкил этиш билан Меъморликнинг жамловчи, энг мураккаб соҳаси — шаҳарсозлик шуғулланади. Табиат манзаралари билан боғлиқ муҳитни бунёд этиш, боғлар яратиш соҳаси боғсозлик (боғ-парк) санъатидир.

Меъморлик асари амалий хизмати, вазифасидан ташқари маълум ғоявийбадиий мазмунни, ўз даврини ифодаловчи меъморий қиёфа — образни мужассам этади, моддий маданиятнинг энг ма-ҳобатли ва энг кўп харажатли, таркибий қисмини ташкил қилади; айни вақтда маҳобатли санъат сифатида намоён бўлади. Меъморлик бошқа турли хил санъат намуналарини (ҳайкалтарошлик, ўймакорлик, ганчкорлик каби) ўзида’ мужассам этиши билан санъатлар онасига, фазовий шакллар ўзаро мутаносиб, ҳамоҳанг бўлишини назарда тутиб меъморий кадимият ёдгорликлари тошда қотиб қолган мусиқага ўхшатилади. Бинонинг мустаҳкам, инсон учун керак ва гўзал бўлиши Меъморликнинг илк тараққиёти давридан ҳозиргача асосий омили ҳисобланади. Қад. дунё тарихида машҳур бўлган етти мўъжизатпк ҳаммаси инсон даҳоси билан яратилган меъморий санъат асарлари бўлгани бежиз эмас.

Ўтмиш давру давронлар тўфонида жуда кўп маҳобатли бинолар номнишонсиз тўзиб кетган. Лекин асрлар оша етиб келган буюк меъморий мерос ёдгорликлари замирида Меъморликнинг юксалиш самара ва марраларини кузатиш мумкин. Айниқса, моддийтехника имкониятлари кенгайиши, бадиий тарихий тажриба ортиши натижасида Меъморликнинг услубий ўзгаришлари пайдо бўлди. Қад. Шарқ ва Мисрда Меъморликнинг ҳали тарих билмаган, одамларни ҳайратда қолдирадиган маҳобатли эҳром (пирамида), зиккурат каби илоҳий мафкура билан боғлиқулкан иншоотлари қад. кўтарди. Ҳозир ҳам Миср эхромларини ҳайрат билан зиёрат этадилар. Юнонистонда бунёд этилган антик, классик даврлар услубида (мил. ав. 7-а.), ўрта асрлар Европа меъморлигидаги роман (10—12-а. лар), готика (12—15-а. лар) услубларида улкан бинолар, хусусан, ибодатхоналар бунёд этилди. Афина Акрополи тепасидаги маҳобатли Парфенон, дорий колонналари қатори, ажойиб ре-льефли ҳайкаллари б-н ҳозиргача классик Меъморликнинг машҳур рамзига айланган мактаб, театр, стадион, ибодатхона каби янги тақлиддаги бинолар қурилди. Готика услубига хос чўзиқ равоклар, найзасимон шакллардаги безаклар Ғарбий Европа шаҳарларининг муқаддас зиёратгоҳларига айланган. Реймсдаги Нотр-Дам собори (Франция, 13—14-а. лар) Уйғониш давриРенессанс (15-а. охири — 16-а. бошлари) услуби асосини қад. давр классик меъморлиги шаклу-шамойилини янги давр талаб ва им-кониятлари замини билан боғлаб қайта тиклаш ва ривожлантириш маҳсулидир.

Классик ордерлар — устунлар тизими асосида кенг кўламда мураккаб меъморий ансамбллар, мажмуалар, катта шаҳарлар бунёд этилди. Классик Меъморлик қонунқоидалари янги замон шароитида ноёб ва нафис композициялар яратиш им-кониятига кенг йўл очиб берди.

Ўрта асрлар меъморлигида 16-а. урталаридан бошлаб барокко услуби кенг тарқалди. Бинолар ҳар жиҳатдан безакдор бўлишига алоҳида эътибор берилди. Кейинроқ (17—19-а. лар) ҳашаматли безаклардан қайтиб, янги давр услубини топиш изланишлари яхши натижа берди. Классик ва Ренессанс меъморлиги тамойиллари эришган ютукларидан ижодий фойдаланиш натижасида классицизм услуби пайдо бўлди. Айниқса, Ғарбий Европа шаҳарларида классицизм руҳидаги ажойиб меъморий ансамбллар яратилди. 19-а. нинг 1-ярми ва 20~а. нинг бошларида саноатнинг ривожланиши янги типдаги меъморий иншоотлар қурилишига олиб келди. Фка, з-д, электростанция, вокзал, элеватор каби саноат бинолари пайдо бўлди. Айниқса, металл, темир-бетон конструкциялари ва б. янги қурилиш материаллари (махсус ойна, пластмасса ва б.) М. имконияти уфқларини баланд кўтарди, услубий изланишлар ажойиб натижалар берди. Қурилиш майдонига ниҳоятда қудратли техника ва индустрия кириб келди. Бу эса осмонўпар баланд, кўп қаватли бинолар тиклаш имконини яратди. Бинолар стандарт ва такрорланувчи (типовой) қисмлар асосида йиғилиб, ни-ҳоятда тез фурсатда курила бошлади. Янги материал, техника, янги талаб ва имкониятлар Меъморликда янги оқимларни тез юзага чиқарди. Функционистлар (АК. Ш да Ф. Райт ва б.) бинонинг гўзаллиги, унинг шакли ва функциясининг узвийлиги, конструкциянинг нафис, материалларини табиий бўлишига боғлиқ деб таъкидласалар, бошқа бир гуруҳ меъморлар (Германияда В. Гропиус ва б., «Баухауз» ижодий маркази) умуман янги замон меъморлигида безакдорликка ўрин йўқ, деб эълон қилишди. Қурилиш техникаси ютуқ ва имкониятларига кўпроқ эътибор бериб, Меъморликнинг ғоявийбадиий, ҳатто гўзаллик сифатларини инкор этиш ҳолатлари натижасида конструктивизм оқими пайдо бўлди. Ижодий окимнинг кўплиги Меъморлик объектлари кўринишида ўз ифодасини топди. Кейинги ярим аср давомида дунёнинг ҳар томонида ҳам шаҳарсозлик санъати мисли кўрилмаган миқёсда ўсиб кетди, ажойиб, гўзал, замонавий шаҳарлар тарихан қисқа муддатда бунёд топмоқда. Ҳоз. замон Меъморлик гида илгари тарих билмаган бадиий хусусиятлар сезилмоқда, яъни меъморий санъатда чегара билмас байналмилал руҳ ва шаклушамойил аниқ сезилиб қолди. Шунинг учун ҳам Меъморликда миллийлик муаммоси яна диққат эътиборни тортмоқда. Бинобарин Меъморлик, шаҳарсозлик, боғсозлик санъатлари соҳасида и. т. ишлари ҳам бутун дунё меъморий меросини ўрганишга қаратилган, илғор меъморлик тажрибалар ижодкор меъмор, рассом, талабалар савиясини ошириш учун хизмат қилмоқда. Меъморлик оламидаги одатга кўра, тарихий китоблар, асосан, қад. дунё — Миср, Юнонистон, Рим ва ўрта асрлардаги Европа давлатлари Меъморлик гини кенгроқ тахлил этади. Осиё давлатлари, Хитой, Ҳиндистон, Арабистон каби қад. маданият марказлари Меъморлик ги нисбатан кам ўрганилгани учун, уларнинг халқаро таъсири бир оз чеклангандай кўринади. Жумладан, Марказий Осиё М. ги, хусусан, Ўзбекистон М. ги ҳам мутахассислар тадқиқотида эндигина юз очмоқда.

Ўзбекистон Меъморлик ги жуда қадимийлиги, турли-туман меъморий ёдгорликлари, юксак нафосат мужассами бўлган маҳобатли осори-атиқалари билан диққатэътиборни тортади. Амударё ва Сирдарё оралиғидаги энг қад. маданият марказлари ҳозиргача археологик ёд-горликлар қаъридан ажойиб меъморий хазинани намойиш этмоқда (Сополлитепа, Қўйқирилган қалъа, Тупроққалъа, Афросиёб, Варахша, Пойкенд, Қанқа каби). Бухоро, Самарқанд, Тош-кент, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон каби кўҳна шаҳарлар ўзининг ноёб меъморий обидалари (Сомонийлар мақбараси, Мағоки Аттори, Чашмаи Айюб, Пойи калон мажмуи, Лаби ҳовуз мажмуи, Самарқанд Регистони, ундаги Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси, Тиллакори масжидмадраса ва б.) билан дунёга танилган. Ўзбекистон Меъморлик ги тараққиёти даврлари ичида тарихан энг ажойиби Амир Темур ва темурийлар даври билан узвий боғлиқ бўлиб, уни Уйғониш — Шарқ Ренессанси сифатида таърифлаш одат бўлиб қолган, «ер юзининг сайқали» Самарқанд, «билим ва одоб гумбази» КешШаҳрисабз шаҳарлари, айниқса Амир Темур саъйэҳтимоли, меъморий ваю-яти (валийликнинг кўплиги) ва каромати туфайли тубдан қайта қурилди. Оқсарой, Кўксарой кўшклари, Дор ус-Сиёдат мадрасаси, Кўк гумбаз, Жомеъ масжид каби маҳобатли ва ҳашаматли бинолар қад кўтарди. Шоҳизинда каби меъморий некропол бунёд бўлди. Кўҳна Кеш гуллаб яшнаган меъморий боғистонга айлангани учун Шаҳрисабз номи билан улуғланди. Самарқанд атрофида пайдо бўлган маржон боғлар ҳалқаси тўрида Дилкушо кўшки — Ишратхона, Чилустун кўшки, кичик Оқсарой кўшки каби хушбичим бинолар, бир-биридан гўзал Боғи Дилкушо, Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Шамол, Боғи Чи-нор каби боғлар умуман меъморий боғсозлик санъати равнақига асос солди. Ҳиндистонга ҳақиқий боғсозлик санъати темурийзода Заҳириддин Бобур б-н кириб келганини ҳинд санъатшу-нослари эътироф этишади. Ҳатто ўрта асрлардаги Европа боғ-паркларига те-мурий боғлари таъсири борлиги сир эмас. Худди шу даврда Меъморлик билан боғлиқ илм-фан рисолалари яратилгани эъти-борни тортади. Агар Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Биржондий каби алломалар асарларида Меъморлик даги гармонияга оид жиҳатлар мат. орқали асосланган бўлса, Улуғбек атрофидаги олимлар фақат астрономияга доир тадқиқотлар билан чекланмай, Меъморликка доир рисолалар ёзишган, боғсозлик ҳақида дастуриламал яратилган. 16-а. да Бухородаги халқ меъморлари дастхати б-н яратилган нодир меъморий чизмалар сақланган (ЎзФАШИ фондида). Ҳоз. замон Меъморлик гида кенг қўлланилаётган модул тизими ўзбек меъморлигида миқёс номи б-н қадимдан маълум.

Ўзбекистон Меъморлик ги тарихини ўрганиш йўлида анчагина самарали тадқиқотлар бажарилди. Айниқса, Меъморлик бунёдкори халқ меъморлари ижодини ўрганиш натижасида қад. замонлардаёқ унут бўлган баъзи меъморий қонунқоидалар сиру асрори очилди. Ҳатто узоқ Мисрдаги пирамидаэҳромлар лойиҳаси ҳақидаги кейинги икки аср давомида олимлар баҳс этиб келаётган муаммо ўзбек халқ меъморлари амалида сақланиб қолган меъморий алқонун-улгутарҳ орқали осон ечимини топди.

Ўзбекистон Меъморлик гининг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъ-аналари, қонунқоидалари 19-а. — 20-а, бошларидаги мустамлака даврида кескин зарбага учради. Меъморлик ижодкорлари маъмурият талаби остида ишлашга мажбур бўлди. Меъморликда баъзи янгиликлар қатори қоришиқ (эклектика), турли услублар (рус, европа ва б.) кириб келаётган капиталистик талаблар билан ҳамоҳанг бўлди.

Халқ меъморлиги иккинчи кескин зарбага Совет тузуми даврида учради. Меъморлик давлат монополиясига учрагани учун меъморлар ижоди ва ташаббуси тамоман инкор этилгани натижасида жойлардаги йирик қурилишлар, айниқса, шахсий бинокорлик чеклаб қўйилди, оқибатда тажрибали халқ меъморлари оддий қурувчи, ҳатто мардикор даражасига тушиб қолди. Меъморлик ижоди Москва нормативлари асосида бажарилиши миллий Меъморликни сўндириб қўйди. «Шаклан миллий, мазмунан социалистик архитектура» шиори 20-а. нинг 2-ярмидан бошлаб баъзи ижодий изланишларга йўл очди (Алишер Навоий театри, Муқимий театри бинолари каби). Ўша даврда яратилган диққатга сазовор би-ноларда халқ усталари иштироки билан ижобий натижаларга эришилди.

Мустақил Ўзбекистон Меъморлик соҳасида тўғон бўлган ғайри талабларга барҳам берди, Меъморлик равнақи учун кенг ижод уфқи очилди. Тошкент ва Самарқандда махсус Архитектура-қурилиш ин-тлари малакали меъморлар тайёрлаб бермоқда. Махсус ўқув юртларида рассом, ҳайкалтарош, ганчкор, наққош каби мутахассислар тайёрланади. Ўзбекистон Меъморлик ги кейинги ўн йиллик (1991—2001) ичида катта ютуқларга эришди. Айниқса, пойтахт Тошкент қиёфаси ўзгариб, янада обод бўлди, маҳобатли бинолар қад кўтарди («Туркистон» саройи, Оқсарой, Тошкент ҳокимияти, Олий мажлис бинолари, Ўзбек миллий театри реконструкцияси, Ўзбекистон консер-ваториясининг янги биноси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари ва ҳ. к.).

Ад.: 3ахидов П., Традиции народных зодчих Узбекистана: М., 1964; Всеобщая история архитектуры, т., 1-12, М.-Л., 1944-1975; Зоҳидов П., Меъмор олами, Т., 1991.

Пўлат Зоҳидов.

Loading...