МЕНИНГИТ

МЕНИНГИТ (юн. meninx — мия пардаси) — бош мия ва орка мия пардаларининг яллиғланиши, микроорганизмлар кўзғатади (қ. Мия пардаси). Мустақил касаллик сифатида пайдо бўладиган бирламчи ва асоратлар туфайли ёки инфекция юқиши, мас, ўрта қулоқ,. бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, грипп, қизамиқ, тепки, сил, захм оқибатида келиб чиқадиган иккиламчи Менингит фарқланади. Менингит қўз-ғатувчиларига (вирусли, бактериал, замбуруғли; сил, захм Менингити ва б.), кечишига (ўткир, ўртача ўткир ва сурункали Менингит), орқа мия суюклиги (ликвор) нинг ўзгаришига қараб (йирингли ва сероз Менингит) ажратилади. Чивин ва каналар юқтирадиган инфекцион касалликлар (энцефалит, менингоэнефалит)да ҳам Менингит кузатилади. Инфекция Менингит б-н оғриган бемор ёки бактерия ташиб юрадиган «соғлом» кишилардан (улар б-н сўзлашганда, ўпишганда, бемор аксирганда, йўгалганда), аксари юқори нафас йўллари яллиғланган беморлардан юқади. Катталарга нисбатан ёш болалар кўпроқ касалланади. Аксарият кеч куз, қиш ва эрта баҳорда учрайди. Касалллк тўсатдан бошланади, ҳарорат 38—40°га кўтарилади, бадан уви-шади, бемор тезтез қайт қилади (овқат еса-емаса ҳам), безовталанади. Менингитнинг шаклига қараб клиник белгилари хилма-хил бўлади, лекин уларнинг барчасига хос айрим аломатлар мавжуд; қаттиқ бош оғриғи, бош ва бўйин мускулларининг тортишиши натижасида беморниг боши орқага энгашган бўлиб, олдинга эга олмайди, оёкдари букилиб қолади. Баъзан бемор алаҳлайди, талваса тутиши ҳам мумкин, ташқи таъсиротлар (кучли ёруғлик, қаттиқ товуш ва ҳ. к.)га таъсирчан бўлади.

Менингит ҳамиша шиддат билан бошланмайди. Иккиламчи Менингит аста-секин авж олади; дармон қурийди, бош оғрийди. Агар бирор юқумли касаллик қўшилса, беморнинг умумий аҳволи оғирлашади ва юқорида санаб ўтилган клиник белгилар ривожланади.

Менингитнинг ҳамма хилида беморни дарҳол врачга кўрсатиб, албатта, касалхонага ётқизиш керак. Даво ўз вақтида бошланса бемор батамом соғайиб кетади. Касаллик қўзғатувчисини ташиб юрувчилар топилса, жамоадан ажратилади ва даволанади.

Олдини олиш учун қулоқ, томок ва бурун бўшлиғининг яллиғланиш ва йирингли касалликларини ўз вақтида даволаш лозим.