МЕРИНОСЛАР

МЕРИНОСЛАР (исп. merinos) — жун қоплами бир хил майин жунли қўй зотлари. Ватани — Ғарбий Осиё. М. бу ерда мил. ав. 2—3 минг йилликлардан боқилади, кейин Ўрта денгиз мамлакатларига, 18-а. ўрталаридан эса Ғарбий Европа, Шим. Америка ва Австралияда, 19-а. ва 20-а. бошларида Росси-яда тарқалган. Турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қиладиган инфантадо, негретти, рамбулье, мазаев, янги Кавказ зотлари, шунингдек, 20-а. нинг 20-й. ларидан СССРда олтой, аскания, грознен, кавказ, сальск, Ставрополь, совет Меринослари яратилган. Меринослар жуни ингичка (15—25 мкм), майин, тивит толали, уз. 6—8 см. Қўчқорларидан 8—12 кг ва ундан ортиқ, совлиқларидан 4—6 кг жун қирқиб олинади. Соф тола чиқими 35 — 45% . М. кўпгина мамлакатларда боқилади. Уларнинг асосий қисми Австралия (Австралия Меринослари) ва Аргентинага тўғри келади.

Меринослар Туркистон ўлкасига, жумладан, ҳоз. Ўзбекистон ҳудудига 19-а. нинг 70 — 80-й. лари Россия орқали кириб келди. «Туркистон ведомости» газ. нинг (1883 й. 1 нояб. 13сон) хабар беришича, Зарафшон ўлкасининг Каттақўрғон бўлимида 1882 й. да 2000 майин жунли қўйлар бўлган. 20-а. бошида Меринослардан рамбулье зоти келтирилган. Меринослар типидаги майин жунли қўйларни Ўзбекистонга келтириш 20-а. нинг 20-, 30-, сўнгра 50-й. ларида ҳам давом этди. 1927—31 й. ларда Ўзбекистонга 5000 меринос қўйлари келтирилган. 1939 й. Жиззах, Ғаллаорол, Зомин тумани к-зларида барча маҳаллий она совлиқ қўйлар ёппасига аскания ва олтой меринос қўчқорлари билан қочирилган ва 45 минг бош дурагай қўйлар олинган. 1949—58 й. ларда Тошкент ва Жиззах наслчилик хўжаликларида келтирилган аскания, грознен, қирғиз, Ставрополь меринос совлиқлари ва қўчқорлари боқилди. Мериносларнинг Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитида асосий маҳсулоти бўлган жун ва жун толасининг қатор технологик сифат кўрсаткичлари сақланиб қолди. Меринослардан олинадиган жун ва гўшт маҳсулотлари сифати ва миқдори, асосан, қўйларни яхши шароитларда асраш, боқиш ва парвариш қилиш технологияси билан чамбарчас боғлиқ (қ. Майин жунли қўйлар).

Л<Э.: Амирова А. К. ваб. Чорвачилик, Т., 1980.

Абдусаттор Амиров.

Loading...