МЕТАЛЛУРГИЯ

МЕТАЛЛУРГИЯ (юн. metallurgeo – ердан қазиб чиқараман) — рудалардан ёки таркибида металл бўлган моддалардан металлар ажратиб олиш ва металл қотишмаларга тегишли хоссалар «бериш» ҳақидаги фан; саноат тармоғи. Металли рудалардан металларни ажратиб олиш қадимдан маълум. Археологик қазишмаларнинг далолат беришича, мил. ав. 7—6-асрлардаёқ аждодларимиз мис олиш сирларини билишган. Мил. ав. 2-минг йилликда миснинг қалай билан қотишмаси — бронза ишлатила бошлади; тахм. шу минг йиллик ўрталаридан темир эритиб олиш бошланди. Бунда рудаларни қўрада 1100 — 1350° т-рада бевосита қиздириб қайтариш усули (энг оддий усул) да темир олинарди. Орадан анча вақт ўтиб (14-а. ўрталаридан) чўян (қ. Домна ишлаб чиқариши), кейинроқ (15-а. да) пўлат олинадиган бўлди. Пўлат ўтга чидамли идиш — тигелда олинган. Ўрта асрларда шарқда ўзига хос тузилишга эга бўлган «нақш»ли «синмас» пўлат — дамашқ пўлати олиш сирларини билишган. Ундан ўткир тиғли қуроллар (мас, қилич) ясашган. Металлургияга оид маълумотлар Абу Райҳон Беруний асарларида учрайди. Кейин бирин-кетин бессемер жараёни, мартен (қ. Мартен ишлаб чикариши) ва томас жараёни қўлланила бошлади. Металлургия фан сифатида асосан 18-а. иккинчи ярмидан ривожлана бошлади. М. В. Ломоносоваинг 1763 й. да ёзган «Металлургиянинг бошланғич асослари ва руда ишлари» китобида Металлургия асослари ёритилган. Рус олими П. П. Аносов (1799—1851) дамашқ пўлатини олишнинг илмий асосини ишлаб чиқди. Д. И. Менделеев ҳам Металлургия фани тараққиётига катта ҳисса қўшган.

Металлургия қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади: рудалардан металл ажратиб олиш мақсадида уларга ишлов бериш (рудаларни майдалаш, бойитиш, бўлаклаш ва б.); металларни бегона аралашмалардан тозалаш (рафинациялаш); металл ва қртишмаларни олишнинг гидрометаллургия, пирометаллургия, шу жум ладан, металлотермия ва электролитик (қ. Электролиз) усулларни тадқиқ қилиш; металл кукунлар олиш ва улардан буюмлар тайёрлаш (қ. Кукун металлургияси); металларни термик (иссиклик б-н) ишлаш, босим билан ишлаш, қуйиш, пайвандлаш, кавшарлаш, металлар сиртига химоя катлами суркаш (пуркаш) ва б. М. нинг муҳим соҳаси — металлшунослик.

Металлургиянинг тараққиёти металл ва қотишмаларни узлуксиз қуйиш, уларга ваку-умда ишлов бериш, уларни электр печлар, электр-шлакли, электр-нурли ва плазмали қурилмаларда олиш, дуплексжараён ва триплексжараён усулларини қўллашни янада ривожлантириш билан боғлиқ.

Металлургия физикавий кимё, физика, иссиқлик техникаси, электротехника, кибернетика, иқтисодиёт, и. ч. ни автоматлаштириш ва бошқариш, коинотни ўзлаштириш борасидаги и. т. ларга суянади. Металлургия яна кончилик саноати, кимё саноати, машинасозлик, ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқариш тармоғи ва б. тармоқлар билан боғлиқ (қ. Рангли металлургия, Қора металлургия).

Ад.: Мирбобоев В. А., Васильев Г. П., Металлар технологияси, Т., 1971.

Фатхулла Абдуллаев.

Loading...