МЕТАСОМАТИЗМ, метасоматоз (мета… ва юн… somatos — жисм) — тоғ жинсидаги баъзи минералларнинг бошқа минераллар билан алмашиниш ҳодисаси. Метасоматизмда тоғ жинсларининг умумий кимёвий таркиби жиддий ўзгаришга учрайди. Бу жараён ҳам экзоген, хам эндоген шароитларда ўтиши мумкин, бунда аввалги минералларнинг эриши ва янги минералларнинг ҳосил бўлиши бир вақтда содир бўлади. Метасоматизм геологик ҳодиса сифатидаги роли Ер пўстининг шаклланишида гипергенез, седи-ментогенез, магматизм ва метоморфизм билан бир қаторда туради. Метасоматизм магматик жараёнлардан кейин ажралиб чиқадиган эритмалар ва юза сувлар таъсирида содир бўлади. Постмагматик Метасоматизм билан руда ҳосил бўлиши боғлиқ. Метасоматизм таъсирида дала шпатлари эриб, унинг таркибидаги гил, қумтупроқ ҳисобига мусковитли кварцнинг айрим ҳолдаги серицит, альбит, топазли бирикмаси ҳосил бўлади. Гранит массивларининг атроф жинслари иккиламчи кварцит, грейзен ва оҳактошлар контактида скарнлар вужудга келади. Метасоматизм унда иштирок этган элементларнинг силжиш тезлигига қараб инфильтра-цияли ва диффузияли хилларга бўлинади. Метасоматизм жадаллашганда тобора кўпроқ компонентлар ҳаракат ҳолатига ўтади ва Метасоматизм маҳсулотида минераллар сони бир минералли жинс ҳосил бўлишигача қисқаради. Ўзбекистонда Метасоматизм жараёни деярли ҳамма рудали жойларда тарқалган. Улар билан барча маълум мис, қўрғошин, pyx, вольфрам, олтин, кумуш ва элементлар рудали конлари боғлиқ.