МЕТЕОРОЛОГИК РАКЕТА, геофизик ракета — атмосфера юқори қатламлари (айниқса, меэосфера ва ионосфера)ни текширишда қўлланиладиган асбобларни олиб чиқадиган ракета. Унга ўрнатилган метеорологик асбоблар ёрдамида атмосфера т-раси ва босими, шамол йўналиши, ҳаво таркиби, космик нурлар, Ер магнит майдонининг жойлашиши ва б. аниқланади. Шунингдек, Қуёш нури спектри ва Ер сирти суратга олинади. Метеорологик ракета кўтариладиган баландлик чекланган (100—150 км), унинг оғирлиги нисбатан кичик (400—500 кг). Кўпинча, массаси 80 кг гача бўлган, тахм. 65—70 км баландликка кўтариладиган Метеорологик ракета ишлатилади. Метеорологик ракета ҳар хил географик р-нлардан, жумладан, Арктика ва Антарктика, қуруқликдаги ст-ялардан ва кемалардан учирилиши мумкин.
Метеорологик ракета 2 кисм: двигатель қурилмаси ва аппарат ўрнатиладиган ажраладиган (бош) қисмдан иборат. Метеорологик асбоблар Метеорологик ракетанинг бош қисмида бўлади. Ракетанинг бу қисми ракета корпусидан автоматик тарзда ажралиб, пастга махсус парашют ёрдамида туширилади. Метеорологик ракетанинг радиосигналлари Ердаги телеметрик ст-ялар орқали қабул қилинади. Метеорологик маълумотлар электрон-ҳисоблаш машинаси ёрдамида ишлаб чиқилади. Метеорологик ракеталар т-раекторияси кинотеодолит, баллистик камера, радиолокатор, радиодоплер тизими ва б. билан бошқарилади. Метеорологик ракета атмосфера ҳодисаларига актив таъсир қилишда ҳам ишлатилмоқда.