МЕТЕОРОЛОГИЯ

МЕТЕОРОЛОГИЯ (юн. meteora — атмосфера ва осмон ҳодисалари ва …логия) – — Ер атмосфераси ва унда содир бўладиган физик жараёнларни ўрганадиган фан. М. нинг асосий бўлими — атмосфера физикаси. Атмосферадаги кимёвий жараёнларни кимё атмосфераси, атмосфера омилларининг биологик жараёнларга таъсирини биометеорология ўрганади. Атмосфера Ер сирти билан доимо ўзаро таъсирда бўлгани учун Метеорология, шунингдек, сув ҳавзаларининг устки қатлами ва тупроқнинг иссиклик режими, ҳавонинг тупроқ ёки сув билан иссиклик алмашуви, буғланиш ва б. ни ўрганади. Атмосфера учун бирданбир энергия манбаи бўлган Қуёш нури оқими масалалари билан ҳам шуғулланади. Атмосфера ҳодисаларини ўрганишда Метеорологияда физиканинг турли соҳаларида, жумладан, гидромеханика, термодинамика ва б. да қўлланиладиган умумий қрнунлардан фойдаланилади. Айни пайтда атмосфера жараёнлари содир бўлаётган географик ҳолат инобатга олинади. Шу сабабли, Метеорология геофизика фани мажмуига киради. Метеорологиянинг каттагина бўлими иқлим масалаларига бағишланган бўлиб, алоҳида фан сифатида иқлимшунослик номини олган. Атмосферанинг юқори қатламлари физикаси ва кимёси билан аэрономия бўлими шуғулланади. Метеорологиянинг бир қанча мустақил тармоқлари мавжуд бўлиб, буларга — актинометрия, динамик метеорология, синоптик метеорология, атмосфера оптикаси, атмосфера элек-три, аэрология ва б. киради. Шунингдек, Метеорология амалий ва назарий Метеорологияга бўлинади. Бундан ташқари, бирор соҳага хизмат қиладиган тармоқ Метеорологияси мавжуд. Буларга авиация, қ. ҳ., тиббиёт, космик, ядро, денгиз метеорологияси ва б. киради ва, кўпинча, улар умумлаштирилиб татбиқий (амалий) Метеорология номи б-н юритилади.

Метеорология инсоннинг амалий фаолияти натижасида вужудга келган, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши ва табиий фанларнинг равнақ топиши билан боғлиқ ҳолда ривожланди. Метеорология соҳасидаги дастлабки тадқиқотлар антик даврга оиддир. Қад. маданиятга эга бўлган мамлакатлар (Хитой, Ҳиндистон, Миср ва б.) да метеорологик кузатишлар жуда кўп йиллар илгари олиб борилган. Замонавий илмий Метеорология асоси фақат 17-а. га тегишли дейиш мумкин. 17-а. нинг 1-ярмида Г. Галилей ва Э. Торричелли барометр ва термометрии ихтиро қилганларидан кейин Метеорология тез ривожлана бошлади. 17— 18-а. ларда Метеорология мустақил фан сифатида таркиб топди. 17-а. нинг охири ва 18-а. нинг 1-ярмида атмосфера ҳодисаларини назарий ту-шунтиришда ва миқдорий қонуниятларини аниқлашда баъзи тажрибалар, жумладан, Э. Галлей (1735) нинг пассат ва муссонлар назарияси, биринчи барометрик формуласини, П. Бугер (1729)нинг атмосферада радиациянинг кучсизланиш крнуни ва б. ни аниқлашда баъзи тажрибалар ўтказилди. 18-а. нинг ўрталарида рус олимлари Метеорология Ломоносов ва Г. В. Рихман, америкалик олим В. Франклин томонидан атмосфера электри бўйича тажрибалар ўтказилди. 19-а. нинг бошларида А. Гумбольдт Ернинг биринчи иқлим харитасини тузди. Жаҳонда дастлабки Бош физика (ҳозирда геофизик) расадхонаси 1849 й. да Петербургда ташкил этилди. 19-а. нинг ўрталарида Антарктидадан бошқа барча қитъаларда метеорологик ст-я давлат тармоги ташкил этилиб бўлган эди. Бу даврда му-ҳим метеорологик асбоблар, т-ра ўлчовидан намликни аниқлайдиган Август психрометри (1825), косали барометр, анероид (1847), термограф, актинометр яратилди. У пайтларда Метеорология физика фани сифатида ривожланди, лекин тадқиқотлар кузатиш материалларини статистик таҳлил йўналиши бўйича олиб борилди.

Метеорологиянинг янги даври синоптик усулларнинг тараққиёти билан бошланади. Обҳаво хизмати тузилди. 19-а. нинг 50-й. ларида инглиз гидрографи ва метеорологи Р. Фицрой ва француз олими У. Леверьелар электрик телеграфдан фойдаланиб, обҳавони прогноз қилиш мақсадида амалиётда кундалик обҳаво харитасини тузишни татбиқ этдилар. Синоптик Метеорология б-н бир вақтда динамик Метеорология ҳам ривожлана борди. Метеорология ривожланишида 20-а. нинг 30-й. ларида атмосферанинг юқори қатламларини ўрганишда радиозондларнинг учирилиши муҳим ўрин тутади. Бу даврда обҳавони ўрганишда авиация хизматига талаб орта бошлади. Метеорологик кузатиш тармоқлари ва хизмати океанларга, тропик минтақа, Арктика ва Антарктикада кенг ёйила бошлади. Обҳаво хариталарини ва б. материалларни факсимил узатишда телеалоқадан фойдаланиш кенгайди; автоматик метеорологик ст-ялар пайдо бўлди; метеорология мақсадида радиолокация, ракета снарядлари ва б. татбиқ этила бошланди. Обҳаво ҳодисаларига фаол таъсир этиш ишлари ҳам ривожланди.

М. Ўзбекистонда 1921 й. да Тошкентда Туркистон метеорология ин-ти (Туркмет) ташкил этилгандан кейин ривожлана бошлади. Шу йилнинг кузида Туркметда синоптика бўлими ташкил этилиб, обҳаво маълумотларига эга бўлган бюллетеннинг 1нашрини чиқара бошлади ва Туркистон ҳудуди бўйича сифатли кундалик прогноз тай-ёрлашга киришди. 1925 й. дан бу ин-т Ўрта Осиё метеорология ин-ти (Средазмет) деб атала бошланди. 1927 й. ноябрь ойидан ўзининг босмахонасида ойлик обҳаво метеорология бюллетенини мунтазам равишда нашр эта бошлади.

Халқ хўжалигининг ривожланиши метеорологик таъминотни қ. х., чорвачилик, ирригация, авиация ва унинг бошқа тармоқлари учун кенгайтириш талабини қўйди. Янги талабларга мувофиқ, Гидрометхизматни қайта ташкил этиш ва янги бўлимлар бунёд этиш амалга оширилди, улар бажарадиган иш доиралари кенгайтирилди ва тадқиқот ишлари кучайтирилди. Ўзбекистонлик олимлар ва амалиётчилар фақатгина шу худуд гидрометеорологиясини батафсил ўрганибгина қолмай, балки Метеорология фани соҳасида умумжаҳон билимга катта ҳисса қўшдилар.

Метеорологиянинг ҳоз. босқичида физика ва техниканинг янги ютуклари — радиолокация усуллари, метеорологик йўлдошлар, электрон ҳисоблаш машиналари ва б. кенг кўлланилмоқда. Метеорология соҳасида илмий ва амалий ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорологик Бош бошқармасида, ЎзМУнинг физика ва геогр. факультетлари ва б. да олиб борилмоқда.

Ад.: Тверской П. Н., Курс метеорологии (физика атмосферы), Л., 1962; Хромов С. П., Метеорология и климатология для географических факультетов, Л., 1964; Хромов С. П., Мамонтова Л. И., Метеорологический словарь, Л., 1974; Зверев А. С., Синоптическая метеорология, Л., 1977.

Тоҳир Мухторов.

Loading...