МЕТРОПОЛИТЕН-ОПЕРА

МЕТРОПОЛИТЕН-ОПЕРА (Metropolitan Opera) — АҚШ нинг етакчи опера театри, опера санъатининг йирик марказларидан. 1883 й. да Нью-Йоркда ташкил этилган. Йирик фирмалар, жамиятлар, шахслар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига фаоли-ят кўрсатади. АҚШда ягона доимий ишлайдиган опера театри (ҳар йили 7 ой давомида фаолият кўрсатади). Фақат хор ва оркестри муқим, етакчи хонанда ва дирижёрлар бутун дунёдан му-айян спектаклга ёки маълум муддатга таклиф этилади. Дастлабки йиллари француз ва немис композиторлари (кўпроқ Р. Вагнер) асарлари асосий ўрин олган. 1909 й. да илк бор америка композитори (Ф. Конверс, «Эҳтирос трубкаси») асари саҳналаштирилди. А. Тосканини ишлаган даврида (1908 — 15) репертуари итальян, француз, рус композиторлари асарлари билан бойиган. 1910 й. лардан бошлаб опералар ҳар бир халқнинг ўз она тилида ижро этилмоқда. Турли даврларда «М.-о.»да дунёнинг энг машҳур хонанда ва дирижёрлари фаолият кўрсатган. 1950 — 72 й. лари театрни Р. Бинг бошқариб, спектаклларнинг саҳнавий ва мусиқий савиясини кўтаришга катта ҳисса қўшган. «М.-о.» репертуаридан Европа (Ж. Верди, К. Вебер, Г. Берлиоз, Ж. Визе, Ж. Россини, Ж. Пуччини, Р. Вагнер, П. Чайковский, М. Мусоргский, К. Дебюсси, Р. Штраус, Б. Бриттен, А. Берг ва б.) ва Америка (Д. Тейлор, Л. Грюнберг, Хансон, С. Барбер ва б.) композиторлари асарлари урин олган. Театр қошида «Мин-Мег» камер опера театри ташкил этилган (1973). 1966 й. да Нью-Йоркдаги «Lincoln-center» ҳудудидаги янги биноси (меъмор У. К. Харрисон) замонавий ускуналар билан жиҳозланган, зали 3800 ўринли.

Олимжон Беков.