МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИ ЁШАРТИРИШ

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИ ЁШАРТИРИШ — янги новдалар ўсиб чиқиши учун дарахтларнинг эски ва қуриган шохларини кесиш; дарахт умрини узайтириш ва ҳосил беришини тиклаш усулларидан бири. Мевали дарахтлар кариганида, асосий шохларини тиклаш, новдаларининг ўсишини тезлаштириш ҳамда мева ҳосил қилувчи органларини шакллантириш мақсадларида қўлланилади. Кўпгина 25—30 ёшдаги олма, нок, 15—20 ёшдаги ўрик, 8—12 ёшдаги олхўри, гилос ва б. ёшартирилади. Асосан, фев. — март ойларида утказилади. Ёшартиришнинг енгил, кучли ҳамда бутаб ёшартириш хиллари бор. Енгил ёшартиришда асосий шохлар, қулай томонга ривожланган ён шохлар юқорисидан, кучлисида асосий шохларнинг учдан икки қисми кесилади. Бунда улардан бир нечта янги новда ўсиб ривожланади. 3—4 йилдан сўнг улардан янги шох-шабба шакллантирилади. Бутаб ёшартириш да асосий шохлар қисқартирилиб, улардаги 1—2 йиллик новдаларнинг айримлари олиб ташланади. Бу усулда захира озиқ моддалар дарахтларнинг кўп гуллаши учун сарф бўлмайди, тутган мевалар тўкилиб кетмайди.

Ёшартирилган олма ва нок дарахтлари 4-йилда, ўрик, шафтоли 2-йилдаёқ ҳосилга киради. Шохларнинг кесилган жойига боғ малҳами ёки алиф аралаштирилган мойли бўёқ суриб қўйилади. Ёшартиришдан олдин дарахт ўсаётган атроф ернинг 1 м2 га 5—6 кг чириган гўнг ёки гўнг билан минерал ўғит аралашмаси солиб, чопилади, қондириб суғорилади. Тўғри ёшартирилган мевали дарахт яна 10—15 йил ва ундан ҳам узок, ҳосил беради (яна қ. Буташ, Дарахтларга шакл бериш, Каллаклаш).

Рихсивой Жўраев.

Loading...