МЕЙСТЕРЗИНГЕРЛАР САНЪАТИ (нем. Meister — уста, Singer — хонанда) — Германияда 14—16-а. ларда ривож топган хонанда ва шоирлар ижоди. Мейстерзингерлар Ўрта асрда яшаб ижод этган бошқа ҳунармандлар қатори, ўз уюшмаларига эга бўлиб, махсус рисола (табулатура)ларда қайд этилган қоидалар асосида фаолият кўрсатишган. Фақатгина янги, ўзига хос куй ярата олган ҳамда уни юқори савияда ижро эта олган хонанда-ижодкор уста (Meister) унвонига сазовор бўлган. Мейстерзингерлар ўз қўшиқларини якка тарзда чолғу жўрнавозлигисиз ижро этган. 14—15 а. ларда қўшикларнинг шеърий асосини диний, кейинчалик бошқа мавзулар ташкил этган. X. Фольц, Г. Сакс, Г. Фогель ва б. мейстерзингерлар машҳур. Р. Вагнер М. с. га бағишлаб «Нюрнберг мейстерзингерлари» операсини яратган.