МЕЗОЛИТ

МЕЗОЛИТ (мезо… ва lithos — тош) — ўрта тош даври; палеолитдан неолитта ўтиш даври (мил. ав. 10—7минг йиллик). Геологик плейспгоцендан ҳоз. голо-ценга ўтиш даври. Мезолитда ҳайвонот дунёси, ландшафтлар музлик давридан халос бўлиб ҳоз. табиий шароитга мослашган. Музлик даврига мослашган йирик ҳайвонлар (мамонтлар) йўқ бўлиб, янгилари пайдо бўлган. Инсон ҳаётида катта ўзгаришлар содир этилган. Мезолитда ўқ-ёйнинг кашф этилиши билан якка оила бўлиб яшаш имконияти туғилган. Тош, суяк, ёғочдан микролит қуроллар (пичоқ, қирғич, болта) кашф қилинган. Бу қуроллар ёрдамида одамлар якка ҳолда ов қилиш имконига эга бўлишган. Шу тариқа жамоа бўлиб яшашга барҳам берилган. Мезолит даври одамлари овчилик, балиқчилик, теримчилик б-н шуғулланганлар.

Ўзбекистон ҳудудида Мезолит даврига оид энг қад. ёдгорлик Қўшилиш бўлиб, у мил. ав. 10минг йиллик билан даврланади. Ундан микролит қуроллар, пайкон ва учбурчак шаклдаги қуроллар, қўлга ўргатилган тур (буқа ёки сигир) суяги топилган. Бу эса Мезолит даври бошида Ўзбекистон ҳудудида одамлар чорвачиликдан хабардор бўлганликларидан далолат беради. Республикамизда Мезолитга оид кўплаб ёдгорликлардан Фарғона водийсининг Сўх туманидаги Обишир I ва Обишир V манзилгоҳлари (қ. Обишир маданияти), Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги Мачай ғори кабиларни кўрсатиш мумкин.

Ўткир Исломов.