МИКЕЛАНЖЕЛО

МИКЕЛАНЖЕЛО Буонарроти (Michelangelo Buonarroti) (тўлиқ номи Микеланьоло ди Лодовико Лионардо ди Буонаррото Симони; 1475.6.3, ҳоз. Капрезе—Микеланжело, Тоскана — 1564. 18.2, Рим) — итальян ҳайкалтароши, рассоми, меъмори ва шоир; Уйғониш даврининг буюк арбобларидан. Рассом М. Гирландайо (1488—96) ва ҳайкалтарош Бертольдо ди Жованни (1489 — 90)дан таълим олган. Жотто, Донателло, Мазаччо кабиларнинг асарлари ва қад. ҳайкалтарошликни ўрганиши Микеланжелонинг ижодий камолотига муҳим таъсир кўрсатган. Микеланжелонинг дастлабки асарларидаёқ унинг ижодига хос асосий хусусиятлар — маҳобатлилик, образлар шаклининг қудрати ва драматизми, инсон гўзаллигига эҳтиром кўзга ташланади: «Зинапоя олдида турган Мадонна» ва «Кентаврлар» рельефлари (иккаласи ҳам мармар, тахм. 1490—92). «Вакх» ҳайкали (1496—97, Рим), «Исога мотам» ҳайкаллар гуруҳи (1498 — 1501, Римдаги Авлиё Пётр ибодатхонаси)да анъанавий готика тасвирига янги инсонпарварлик мазмунини син-гдирган. 1501 й. да Флоренцияга қайтган Микеланжело республика фуқароларининг жасоратини ифодаловчи «Давид» ҳайкали (1501—04), «Мадонна» (1503), «Муқаддас оила» («Мадонна Дони», 1503—05) картиналарини яратди. Микеланжело 1505 й. дан Рим Папасининг илтимосига кўра, қабр ёдгорлиги яратиш устида ишлади, шулар жумласидан: буюк жўшқинлик ва иродага эга бўлган титан «Моисей» (1515—16, Римдаги черковда) ёдгорликнинг марказий бўлагига айланган; «Исёнкор қул» ва «Ўлаётган қул» (1513—16, Лувр) асарларида кучқудратга тўлиқ кишанларни узаётган ва занжирдаги ўлимига рози бўлган икки навқирон қарама-қарши қўйилади. Микеланжело яратган асарларидаги образлар ёрқинлиги билан қимматлидир.

1520 й. дан Микеланжелонинг қарашлари фожиали тус ола бошлади. 1534 й. да Римга бутунлай кўчиб ўтади. Ижодидаги бу оҳанглар Флоренциядаги Сан-Лоренце черковида Лоренцо ва Жулиано Медичи қабрларига ишлаган ёдгорликларида ўз ифодасини топди (1520—34). Вафот этган герцоглар қиёфасида портрет хусусиятлари йўқ, улар фаол ва самарали ҳаётни тараннум этувчи образлардир, уларнинг оёқ томонларида тез оқиб ўтаётган вақт (кун)ни ифодаловчи 4 та ҳайкал 2 жуфт ҳолатида ўрнатилган.

Римдаги Сикст капелласида «Даҳшатли суд» фрескасини яратди. Умрининг охиригача ўзининг қабрига ўрнатиладиган ёдгорлик — «Исога мотам» ҳайкаллар гуруҳи устида ишлади (1555—64), унинг лойиҳасини шогирдлари ниҳоясига етказган.

Микеланжело умри нинг охирги йилларида шеърият ва меъморлик билан шуғулланди. 1546 й. дан Римдаги Авлиё Пётр Со-бори, Капитолий майдони ансамбли меъморлиги устида ишлади, ўлимидан сўнг унинг лойиҳаси асосида қуриб битказилган. «Шеърлар» китоби вафотидан сўнг дастлаб 1623 й. да нашр қилинган. Микеланжело ғоялари инсонпарварлик, халқчиллик, реализмнинг кейинги ривожига хизмат қилди. Микеланжело ижоди маньеризм тараққиётини таъминловчи омил бўлди, улардан фарқли ўлароқ, Микеланжело асарларида инсонга муҳаббат ва унинг улуғворлиги ҳамда гўзаллигига ишончни сақлаб қола олди ва ифода эта олди.

Loading...