МИКОРИЗА

МИКОРИЗА (юн. mykes ва rhiza — илдиз) , замбуруғилдиз — замбуруғ мицелийсининг юксак ўсимликлар илдизи билан ўзаро симбиози (биргалиқда яшаши). Эктотроф (ташқи) ва эндотроф (ички) Микориза бор. Эктотроф Микоризада замбуруғ ёш илдизларнинг устки тўқимаси учларига ўралиб, пўстлоқнинг ташқи қатламларидаги ҳужайра ораларига киради. Эндотроф Микоризада мицелий ҳужайралар ичига киради. Эктотроф Микориза кўпчилик дарахтлар (эман, арча, қайин), буталар (тол) ва баъзи ўтларга хос. Одатда, бундай ўсимликларнинг ёш илдизлари шохланиб, илдизнинг ўсаётган қисми замбуруғ б-н қалин қопланади ва ундан тупроқ ҳамда ҳужайра оралиқлари бўйлаб илдизнинг бир ёки бир неча қават ичкарисига замбуруғ мицелийси тўр ҳосил қилиб тарқалади. Бунда илдиз тукчалари нобуд бўлади. Эктотроф Микоризани, кўпинча, гименомицетлар, баъзан гастеромицетлар вужудга келтиради. Битта ўсимлик илдизида бир нечта замбуруғ Микориза ҳосил қилиши мумкин. Эндотроф Микоризада илдиз шакли ўзгармайди, илдиз тукчалари ўлмайди ва тўр ҳосил бўлмайди; замбуруғ мицелийси илдиз паренхимаси ҳужайрасининг ичига киради.

Микориза ўсимликка фойдали таъсир кўрсатади: мицелийнинг ривожланиши туфайли илдизнинг шимадиган юзаси катталашиб, ўсимликка сув ва минерал моддалар кўпроқ киради. Микориза ҳосил қилувчи замбуруғлари бўлмаган тупроққа дарахт экишдан аввал эски ўрмонлар тупроғидан озроқ солинади.

Loading...