МИКРОКЛИН (микро… ва юн. klino — эгиламан) — дала шпатлари гуруҳига мансуб минерал. Кимёвий таркиби K[AlSi3O8]. Таркибида бир оз кальций, барий, темир, рубидий, цезий аралашма ҳолида бўлади. Триклин син-гонияли, призматик шаклдаги кристаллар ҳосил қилади. Қўшалоклари полисинтетик ва тўрсимон. Қаттиклиги 6 — 6,5. Зичлиги 2540—2570 кг/м3. Ранги пушти, қўнғирсариқ, қизғиш-оқ, пуштиқизил, баъзан оқ, ҳаворанг-яшил (амазонит) тусда бўлади. Шишадек, садафсимон ялтироқ. Микроклин тоғжинслари (гранит, гранодиорит, пегматит, гнейс ва б.) таркибий қисмларидан биридир. Микроклин шиша ва керамика саноати (чинни, фаянс, техник керамика и. ч.)да ишлатилади. Амазонитдан зийнат тошлари сифатида фойдаланилади. Ўзбекистон ғарбидаги магматик жинслар Чатқол-Қурама регионидан фаркли кўп даражада микроклинизация жараёнига учраган.