МИКРООРГАНИЗМЛАР

МИКРООРГАНИЗМЛАР — асосан, бир ҳужайрали микроскопик тирик мавжудотларнинг катта гуруҳи. Микроорганизмларга бактериялар, актиномецитлар, ачитқилар, моғор замбуруғлари, микроскопик сувўтлар ва б. киради. Микроорганизмлар прокариотлар (ҳужайрасида ядро ва хромосома аппарати йўқ организмлар) ва эукариотлар (ҳужайрасида цитоплазма ва мембрана билан ажратилган ядроси бор бир ёки кўп ҳужайрали организмлар)га бўлинади. Микроорганизмлар табиат (тупроқ, сув, ўсимлик қолдиқлари ва б.)да кенг тарқалган. 1 г тупроқ ёки сув ости грунтида 2—3 млрд. гача Микроорганизмлар бўлади. Микроорганизмларнинг ўлчами турлича бўлиб, улар микроннинг ўндан бир қисмидан бир неча микронгача. Микроорганизмларнинг физиологикморфологик хусусиятлари ва ҳаёт цикли ҳар хил. Кўпгина Микроорганизмлар бир ҳужайрали, баъзилари, мас, моғор замбуруглари кўп хужайрали иплар (мицелий)га эга. Микроорганизмлар, одатда, хлорофиллсиз, аммо баъзиларида бактериохлорофилл ва хлорофилл бор. Кўпчилиги бўлиниб, баъзилари куртакланиб, шунингдек, конидия ва споралар ҳосил қилиб кўпаяди. Касаллик қўзғатувчи Микроорганизмлар хам мавжуд. Микроорганизмлар ташқи муҳитнинг ҳар хил омиллари таъсирига жуда чидамли. Микроорганизмлар табиатда моддалар айланишида катта роль ўйнайди. Микроорганизмлар ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларини парчалаб, яшил ўсимликлар ўзлаштириши мумкин бўлган минерал бирикмалар (мас, карбонат ангидрид гази, аммиак ва б.)га айлантиради. Азот тўпловчи Микроорганизмлар ва туганак бактериялари молекуляр азотни йиғиш хусусиятига эга. Микроорганизмлар фосфор, азот, углерод, олтин-гугурт, темир ва б. нинг табиатда айланишида иштирок этади. Бундан ташқ-ари, тупрокда кўпайиб, сўнг нобуд бўлиб, уни органик моддаларга бойитади. Микроорганизмлар ҳаёт фаолияти натижасида тупроқ унумдорлиги ортади (яна қ. Микрофлора).

Абдукарим Зикирёев.

Loading...